Хориждан олиб кириладиган машиналар учун яна бир янги тартиб жорий қилинди

Жамият

image

Эндиликда хориждан Ўзбекистонга якка тартибда ёки хусусий тадбиркорлар томонидан импорт қилинадиган автомобиллар учун электромагнит мослашувчанлик текшируви жорий қилинади. Бу ҳақда UzTest ходими QALAMPIR.UZ’га маълум қилди. 

Унга кўра, электромагнит мослашувчанлик текшируви нархи бензинда юрадиган машиналар учун 9 млн 88 минг сўм, электромобиллар учун эса 6 млн 300 минг сўмни ташкил қилади.

QALAMPIR.UZ суҳбатлашган айрим хусусий тадбиркорлар бу тизим олдиндан бўлгани, аммо амалиётга жорий қилинмаганини маълум қилди. 

“Масалан, BYD русумли автомобиллар битта заводда ишлаб чиқарилади. Унда нега хусусий тадбиркор уни олиб киришда маълум электромагнит мослашувчанлик текширувидан ўтказиши керак-у, давлат дилери бундай қилмаслиги керак?” деди хусусий тадбиркор.

UzTest ходимининг айтишича, бу тизимни жорий қилишни Хитойдаги бош корхонанинг ўзи хоҳлаган.

“Бу расмий равишда автомобиль олиб кирувчиларга тааллуқли эмас. Бу ўзи учун 3-4 та машина сотиб оладиган ёки номингизга олиб, бир ой кутадиган норасмий тарзда автомобиль сотиб олувчиларга тегишли режим. Автомобилларни электромагнит мослашувчанлик бўйича текширувдан ўтказиш тартиби олдиндан бор эди. Сертификат 3 йилга берилади ва вақти-вақти билан назорат қилинади. Бундан мақсад битта транспорт воситаси бошқа автомобилга зиён етказишининг олдини олиш. Ўзбекистондаги расмий дилерлар бу текширувдан ўтиб бўлган. Уларга сертификат ҳам берилган. Ўтган йили бу каби сертификатлардан 40 тадан ортиқ берган бўлсак, бу йил 30 тадан кўпроқ шундай сертификатлар берилди. Улар машиналарини ҳар 3-6 ойда текширувдан ўтказиб туради ва ҳужжатларни тақдим этади”, деди UzTest ходими.

Хусусий дилерлар бу тизим фақат Ўзбекистонда жорий этилиб, бошқа мамлакатларда, хусусан Қозоғистонда бундай текширув амалга оширилмаслигини маълум қилди. Аммо ташкилот мутасаддиси бу ахборотни рад этиб, Қозоғистонда ҳам текширув борлигини айтди.

Эслатиб ўтамиз, 28 октябрь куни Иқтисодиёт ва молия вазирлигида бўлиб ўтган йиғилишда вазир ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров 2025 йилдан Ўзбекистонда электромобиллар аккумуляторлари учун утилизация йиғими жорий этиш таклиф қилинаётганини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон электромобил UzTest

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made