ЕХҲТ Беларусдаги сайловларни кузатишдан бош тортди
Олам
−
18 Январь
2062Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) 26 январь куни Беларусда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларига кузатувчиларни юбормайди. Бу ҳақда кеча, 17 январь куни ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.
9 январь куни ДИИҲБ баёнот бериб, Беларусь ҳукумати ЙХҲТ кузатувчиларини президентлик сайловларига таклиф қилмаганидан афсус билдирганди.
“Беларусь ҳукуматининг ЕХҲТ давлатларини ДИИҲБ орқали бўлажак президентлик сайловларини кузатишга таклиф қилмаслик тўғрисидаги қароридан чуқур афсусдиз, бу эса мамлакат фуқароларини бутун жараённи шаффоф ва тўлиқ баҳолашдан маҳрум қилади”, деган ДИИҲБ директори Мария Телалян.
ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси раҳбари Пиа Каума эса Минск 1990 йилдаги Копенгаген ҳужжатини имзолагани учун ўз сайловларига ЕХҲТнинг бошқа давлатларидан кузатувчиларни таклиф этишга мажбур эканлигини эслатди.
Унда айтилишича, “ҳам чет эллик, ҳам миллий кузатувчиларнинг иштироки сайлов жараёнининг ишончлилигини ошириши мумкин” ва шунинг учун давлатлар уларнинг миллий сайловлари жараёнини кузатишга “ЕҲҲТга аъзо бўлган бошқа ҳар қандай давлатдан ва буни хоҳлайдиган ҳар қандай тегишли хусусий муассаса ва ташкилотлардан кузатувчиларни таклиф қилади”.
ЕХҲТнинг 9 январдаги баёнотида таъкидланишича, 2020 йил август ойида бўлиб ўтган президентлик сайловларидан кейин ДИИҲБ ўз вақтида таклиф қилинмаганлиги сабабли учинчи марта Беларусдаги сайловларни кузата олмаяпти.
17 январь куни Беларусь Ташқи ишлар вазирлиги Facebook'да ДИИҲБга сайловни кузатиш учун таклиф юборишини ёзди. Минскда таъкидланишича, бугунги кунга қадар МСК 49 давлатдан 456 нафар халқаро кузатувчини аккредитация қилган.
"МДҲ Ижроия қўмитаси ва Парламентлараро Ассамблеяси, КХШТ Парламент Ассамблеяси, Иттифоқ Давлатлари Парламент Ассамблеяси ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти таклифларни қабул қилган", дея хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги.
Бироқ ДИИҲБ бу таклифнома жуда кеч юборилгани, шу боис 26 январь куни бўлиб ўтадиган сайловда ЕХҲТ кузатувчилари бўлмаслигини билдирди.
“Президентлик сайловларига 10 кун қолганида Беларусдан келган таклиф ДИИҲБга сайлов жараёнининг муҳим босқичларига киришига тўсқинлик қилади ва мазмунли кузатишни имконсиз қилади. 9 январдаги баёнотимиздаги маълумотлар ҳамон ўз кучини йўқотмайди. Беларусь бир неча ой олдин президентлик сайловлари санасини эълон қилган ва ҳукумат ДИИҲБга сайловнинг барча муҳим жиҳатларини кузатиш учун ўз вақтида таклиф қилиниши кераклигини яхши билади”, деди ДИИҲБ матбуот котиби Катиа Андрус.
Шу куни АҚШ Давлат департаменти “Беларусдаги сохта сайловлар ва давом этаётган репрессияларни қоралаб” баёнот берди.
“Режимнинг ЕХҲТга бўлажак сайловларни кузатиш учун ўз вақтида таклиф этмагани унинг сайлов жараёнининг шаффоф ўтишига, шунингдек, ЕХҲТга аъзо давлат сифатидаги ўз мажбуриятларига эътибор бермаслигидан далолат беради. Ҳар қандай мухолифатни бостириш бўйича мисли кўрилмаган чоралар Лукашенко режими ўз халқидан қўрқишини яққол кўрсатиб турибди. Қўшма Штатлар цензура кенг тарқалган ва мустақил оммавий ахборот воситалари мавжуд бўлмаган, мухолифат ё қамоқда, ё сургунда бўлган, сайлов бюллетенларида фақат режим томонидан маъқулланган номзодлар чиқиши мумкин бўлган муҳитда бу сайловлар ишончли бўлиши мумкин эмаслигини баҳолашда Европадаги кўплаб иттифоқчиларига қўшилади”, дейилади Давлат котиби Антони Блинкен имзолаган баёнотда.
23 декабрь куни Беларусь Марказий сайлов комиссияси президентликка беш нафар номзодни рўйхатга олди. Январь ойида Александр Лукашенконинг тўртта расмий рақиби давлат телевидениесида ўз сайловолди дастурларини тақдим этган эди.
Улар Минскка қарши санкциялар "суверенитет учун" киритилганини таъкидлаб, "буюк СССР", ҳудудий мудофаани кенгайтириш ва аҳоли сонининг қисқариши ҳақида гапирди. Лукашенконинг ўзи телевидение ва радио орқали сайловолди чиқишларидан воз кечди.
LiveБарчаси