ЕХҲТ Франция пули билан Тожикистон махсус кучлари офицерларини ўқитяпти
Олам
−
22 Август 2023
17149Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Афғонистон билан чегарада хизмат қилаётган Тожикистон чегара қўшинларининг махсус бўлинмалари офицерларини тайёрлашни бошлади. Бу ҳақда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Душанбедаги дастурлари офисида маълум қилинди.
“Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Душанбедаги дастурлар офиси Тожикистон чегара қўшинлари билан ҳамкорликда бир ойлик ўқув курсларини бошлади. Тожикистон чегара қўшинлари махсус бўлинмаларининг 25 нафар офицери Хоругдаги [Тоғли Бадахшон автоном вилояти] чегара қўшинларининг ҳудудий ўқув марказида ўтказилган “Дала амалиётлари салоҳиятини сақлаб қолиш” курсида иштирок этди”, дейилади хабарда.
Офисга кўра, тренинг Франция томонидан молиялаштирилади ва курс иштирокчиларга тожик-афғон чегарасини қўриқлаш бўйича ўзларининг муҳим миссиясини бажариш учун малака оширишга ёрдам беради. Курс давомида офицерлар навигация, жумладан Google Earth pro хизматидан фойдаланиш, разведка ва хавфсизлик операциялари, биринчи тиббий ёрдам ва алпинизм бўйича ўқитилади.
2022 йил декабрь ойида Польшанинг Лодз шаҳрида бўлиб ўтган ЕХҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 29-сессиясида Тожикистон ва ЕХҲТ ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланган эди. Шу билан бирга, кенгаш йиғилишида Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин республика Афғонистонда фаолият юритаётган халқаро террористик гуруҳлар фаоллашганидан хавотирда экани ҳақида маълум қилди ва халқаро ҳамжамиятни Тожикистонга чегарани ҳимоя қилишда ёрдам беришда давом этишга чақирди.
LiveБарчаси