ЕИнинг Украинага бу йилги молиявий ёрдами 35 млрд еврони ташкил этади
Олам
−
12:48
9532025 йилда Европа Иттифоқи Украинага 35 миллиард евро миқдорида молиявий ёрдам кўрсатади. Бу ҳақда кеча, 22 январь куни Европа Иттифоқи савдо бўйича комиссари Валдис Домбровскис ўзининг Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Домбровскис ушбу постини Давосда бўлиб ўтаётган Жаҳон иқтисодий форуми давомида ёзган. У ерда Украина Бош вазирининг биринчи ўринбосари Юлия Свириденко билан учрашув ўтказган. Комиссарнинг таъкидлашича, улар Европа Иттифоқининг ягона бозорига яқинлашиш бўйича қадамларни муҳокама қилган.
Қайд этилишича, Украинага молиявий ёрдам EU G7 ERA ва Ukraine Facility кредит ташаббуслари орқали амалга оширилади. Украина Молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2024 йилда Европа Иттифоқи Украинага энг йирик донор бўлган ва Ukraine Facility фонди орқали 16,6 миллиард евро миқдорида ёрдам кўрсатган.
UNIAN агентлиги хабарига кўра, 10 январь куни Украина давлат бюджетига Европа Иттифоқи томонидан ERA ташаббуси доирасида 3 миллиард евро тушган. Бу ташаббус Россиянинг музлатилган активларидан Украинага маблағ ажратишни назарда тутади. Украина Бош вазири Денис Шмигалнинг таъкидлашича, бу Европа Иттифоқидан келган биринчи транш бўлиб, у Россиянинг музлатилган активларидан тушган даромадлар билан таъминланган.
“Bloomberg” агентлиги хабарига кўра, 2025 йилда Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки (ЕТТБ) Украинага 1,5 миллиард евро сармоя киритишни режалаштирмоқда. ЕТТБнинг Украина ва Молдова бўйича бошқарувчи директори Арвид Туеркнернинг айтишича, банкнинг сармоядаги асосий устувор йўналишлари инфратузилма ва энергетик хавфсизлик ҳисобланади. Шунингдек, устуворликлар Украина хусусий сектори ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида барқарорликка қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Украина уруши ҳақида баёнот берган ва Россия Президенти Владимир Путинни "бу бемаъни уруш"ни тугатишга чақирганди.