ЕИга қўшилиш вақти келди – Зеленский

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский Европа Иттифоқи раҳбарларига йўллаган мактубида мамлакатнинг иттифоққа қўшилиш жараёнини бошлаш вақти келганини билдирди. Бу ҳақда “Reuters” хабар қилди.

Зеленскийнинг фикрича, Украинага фақат ассоциациялашган аъзолик бериш таклифи адолатсиз ҳисобланади. Бундай мақом Украинага овоз бериш ҳуқуқини бермайди ва Киев ўз манфаатларини илгари суриш имкониятидан маҳрум бўлади.

Украина Европа Иттифоқига қўшилиш ҳаракатларини ўтган ой Венгрия собиқ бош вазири Виктор Орбан парламент сайловларида мағлуб бўлганидан кейин кучайтирди. Россия билан яқин муносабатларни сақлаб келган Орбан ҳукумати даврида Будапешт бир неча бор вето ҳуқуқидан фойдаланиб, Украинанинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш ҳаракатларини тўсган ва Киевга ёрдам пакетларини кечиктирган.

Шунингдек, Зеленский бугун, 23 май куни Украина армияси Россиянинг Перм вилоятида жойлашган “Метафракс Кемикал” йирик кимё корхонасига зарба берганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, ушбу корхона маҳсулотлари Россиянинг ҳарбий саноатига хизмат қилувчи ўнлаб корхоналарга, жумладан авиация ускуналари, дронлар, ракета двигателлари ва портловчи моддалар ишлаб чиқарувчиларга етказиб берилар эди.

Зеленский Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Украина йил бошидан буён қарийб 600 квадрат километр ҳудудни қайтариб олганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, бу муваффақиятлар Москвани урушни тугатиш бўйича музокараларга яқинлаштирмоқда. Шунингдек, Украина раҳбари йил бошидан бери тахминан 86 минг нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлганини, камида 59 минг киши оғир яраланганини ва яна 800 киши асирга олинганини айтган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германия Федератив Республикаси канцлери Фридрих Мерц Украинага Европа Иттифоқининг ассоциациялашган аъзоси мақомини беришни таклиф қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Иттифоқи Украина Зеленский

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг