ЕИ етакчилари Трампнинг ғалабасини фавқулодда муҳокама қилади
Олам
−
06 Ноябрь
5635Европа Иттифоқи етакчилари 7-8 ноябрь кунлари Будапештда бўлиб ўтадиган саммитда республикачи Дональд Трампнинг АҚШ президентлик сайловларида ғалаба қозонганидан сўнг Европа Иттифоқининг кейинги ҳаракатлари юзасидан фавқулодда муҳокама ўтказади, асосий мавзулар Европа Иттифоқи ва АҚШ ўртасида янги савдо уруши хавфи ва Вашингтон томонидан Киевга ёрдамнинг камайиши бўлади. Бу ҳақда Брюсселдаги дипломатик манбага таяниб, ТАСС хабар берди.
“Будапештдаги норасмий саммит етакчилар учун Трамп ғалабаси оқибатларига ЕИнинг тайёргарлиги юзасидан фавқулодда муҳокама ўтказиш учун яхши имконият бўлади. Бу ерда ушбу ҳодиса иккита асосий хавф билан боғлиқ – янги савдо уруши бошланишига қадар Қўшма Штатлар билан иқтисодий муносабатларнинг мураккаблашиши ва Украинага ҳарбий ёрдамни қисқартириш эҳтимоли”, деди дипломат.
Унинг қўшимча қилишича, Дональд Трамп ҳокимиятга келганидан сўнг АҚШ билан муносабатлар муҳокамаси 18 ноябрь куни Брюсселда бўлиб ўтадиган ЕИ Ташқи ишлар вазирларининг учрашувида давом этади.
“Етакчилар Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирларига янги республика маъмурияти билан ўзаро ҳамкорлик бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар тайёрлашлари керак”, деди у.
Манбанинг эслатишича, АҚШ сайловларидан олдин ҳам Европа доираларида Трамп ғалаба қозонса, ЕИ Америка инвестициялари қисқаришини қоплаш учун Киевга қурол етказиб бериш ва молиявий ёрдамни яна бир бор оширишга тайёр бўлиши кераклиги ҳақида консенсус шакллана бошлаган эди.
АҚШ сайловларида овоз бериш Тошкент вақти билан 6 ноябрь куни эрталаб якунланди. Расмий натижалар ҳали эълон қилингани йўқ, бироқ “Fox News” прогнозларига кўра, Трамп зарур бўлган 270 овоз билан 277 та овозни қўлга киритган. Унинг ўзи аллақачон ўзини АҚШнинг 47-президенти деб эълон қилган.
Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон уни сайланган давлат раҳбари деб атади, Трамп аллақачон хорижий етакчилардан, хусусан, Брюсселдаги Европа Иттифоқи институтларининг барча раҳбарларидан, шунингдек, НАТО Бош котибидан табриклар олишни бошлаган. Трампни табриклаганлар орасида Марказий Осиё давлатлари етакчиларидан Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Қозоғистон раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев ва Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев ҳам бор.
LiveБарчаси
06 Ноябрь