ЕИ Украинага ҳарбий ёрдам учун 5 миллиард евро ажратишга келишиб олди

Олам

image

Европа Иттифоқи давлатлари бир неча ойлик муҳокамалардан сўнг 2024 йилда Украинага камида 5 миллиард евро миқдорида ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича принципиал келишувга эришди. Бу ҳақда Европа Иттифоқига раислик қилаётган Бельгия ҳукумати маълум қилди. 

“Бу Украинани Россия агрессиясидан ўзини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган қурол ва ўқ-дориларни таъминлаши керак”, дейилади Бельгия ҳукумати баёнотда.

Қарор Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари томонидан шу йилнинг 18 март куни Брюсселда ўтказиладиган йиғилишда маъқулланиши керак.

Хабар қилинишича, Европа Иттифоқи давлатлари Европа тинчлик фондини ислоҳ қилиш ва унинг ҳажмини оширишга келишиб олган. Фонд маблағлари ҳисобидан Европа давлатлари Украина учун ҳарбий товарларни биргаликда сотиб олишни молиялаштириши ва Киевга икки томонлама асосда кўрсатилган ҳарбий ёрдам учун қисман товон пули олишлари мумкин.

Қайд этилишича, Германия ва Франциянинг талаблари туфайли ёрдам ажратиш бўйича музокаралар чўзилиб кетган. Мамлакатларнинг Европа тинчлик фондига ҳиссалари Украинага берилган икки томонлама ҳарбий ёрдамнинг ярмини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилишига қарор қилинганидан кейин Германия ҳукумати келишувни қўллаб-қувватлади.

Европа Иттифоқининг энг йирик иқтисодиёти сифатида Германиянинг фонддаги улуши 25 фоизни ташкил қилади. Берлин ўз талабини Киевга тўғридан-тўғри ёрдам кўпинча Европа тузилмаларига қараганда тезроқ ва самаралироқ бўлиши билан оқлади. Германия жорий йилда Украинага 7 миллиард евролик қурол-яроғ, ўқ-дори ва жиҳозлар етказиб беришга ваъда берган. 

Ўз навбатида, Франция Европа тинчлик фонди маблағлари ҳарбий товарларни фақат Европа ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олишга сарфланишини таъминлашга ҳаракат қилди. Уларнинг фикрича, Европа фирмалари ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун узоқ муддатли буюртмаларга муҳтож. Натижада Европа компаниялари буюртмаларни устувор тарзда қабул қилишига қарор қилинди. Агар улар маҳсулотни ўз вақтида етказиб бера олмаса, қурол сотиб олиш Европа Иттифоқидан ташқарида, масалан, АҚШ ёки Жанубий Кореяда амалга оширилиши мумкин.

Маълумот ўрнида, Европа тинчлик жамғармаси Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланишидан олдин тузилган. Дастлаб унинг ҳажми 2021 йилдан 2027 йилгача бўлган даврда атиги 5 миллиард еврони ташкил қилган. Уруш бошланганидан кейин жамғарманинг ҳажми 12 миллиард еврога кўтарилди, унинг маблағларининг 5,6 миллиарди Украинага ёрдам бериш учун ажратилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Иттифоқи Украина ҳарбий ёрдам

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг