ЕИ Ташқи ишлар вазирлари Киевда йиғилади

Олам

image

Европа Иттифоқи ташқи сиёсат хизмати раҳбари Жозеп Боррель бугун, 2 октябрь куни Украина пойтахти Киевда Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирларининг норасмий учрашуви ўтказилишини расман тасдиқлади. Бу ҳақда у X ижтимоий тармоғида ёзган.

“Мен бугун Киевда Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирларининг йиғилишини, европалик вазирларнинг ЕИдан ташқаридаги биринчи йиғилишини чақирдим. Украина келажаги - Европа Иттифоқида”, деб ёзган Боррель.

Унинг таъкидлашича, ушбу тадбир аниқ қарорлар қабул қилиш учун эмас, балки сиёсий муҳокамага қаратилган.

“Euractiv” порталининг хабар беришича, Европа Иттифоқи мамлакатлари Ташқи ишлар вазирлари Киевга ташрифи чоғида Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича кейинги чора-тадбирлар, шунингдек, мамлакатнинг иттифоққа кириш истиқболларини муҳокама қилади. 

Маълумотларга кўра, кенгайиш ва қўшничилик сиёсати бўйича Европа комиссари Оливер Варҳели иштирок этадиган йиғилишнинг асосий мавзуси Украинанинг Европа Иттифоқига эҳтимолий қўшилиши бўлади. Бундан ташқари, европалик вазирлар Россияга қарши санкциялар самарасини баҳолаш ниятида. Шунингдек, улар Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба ва мамлакат Президенти Владимир Зеленский билан учрашиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 сентябрь куни Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар хизмати раҳбари Жозеп Боррель Украинанинг Одесса шаҳрига эълон қилинмаган ташриф билан борганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Иттифоқи Украина Киев Жозеп Боррель

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг