ЕИ Россиянинг дон шартномасини бекор қилганини қоралади
Олам
−
18 Июль 2023
6141Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Россия Федерациясини дон йўлаги келишувини бекор қилгани учун қоралади. Бу ҳақда у ўзининг Twitter саҳифасида ёзган.
“БМТ ва Туркиянинг саъй-ҳаракатларига қарамай, Россиянинг Қора денгиздаги дон ташаббусини тўхтатиш бўйича ҳаракатларини кескин қоралайман. Дон экспортини тўхтатиш ҳақидаги қарор бемаъни ҳаракатдир”, дейди у.
Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ҳаракат қилмоқда.
“Европа Иттифоқи Украинадан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жаҳон бозорига экспорт қилишни осонлаштиришда давом этади ", дейди фон дер Ляйен.
Эслатиб ўтамиз, Россия бугундан бошлаб дон йўлаги бўйича келишувни тўхтатганини маълум қилганди. Аввалроқ Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Россия раҳбари Владимир Путин дон шартномасини узайтиришга рози бўлганини айтиб ўтганди.
Бундан олдин эса Путин дон битими доирасида Россия учун ҳеч нарса қилинмагани, бу бир томонлама ўйин эканини билдирганди.
Бироз аввал АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан дон шартномасидан чиқиш Россияга қимматга тушишини айтганди.
Маълумот учун, дон келишуви 2022 йил 22 июлда Истанбулда тузилган. У ерда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Россия, Туркия ва Украина иштирокида иккита ҳужжат имзоланган – Украинанинг учта портидан (Черноморск, Одесса ва Южний) ғалла экспорти учун йўлак яратиш ҳамда Россия озиқ-овқат ва ўғитиларни экспорт қилиш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш тўғрисида. Ташаббус 2022 йил ноябрида 120 кунга, мартгача, кейин яна икки марта – икки ойга узайтирилган. Якуний муддат – 17 июль куни тугаган.