ЕИ Россия газидан воз кечиш режасини келишиб олди
Олам
−
03 Декабрь 2025 2383 2 дақиқа
Европа Иттифоқи Россия табиий газидан воз кечиш режасини маъқуллади. Бу ҳақда бугун, 3 декабрь куни Европа Кенгаши сайтида хабар берилди.
Эришилган келишувга кўра, Россиядан ушбу турдаги ёқилғини харид қилишга “ҳуқуқий мажбурий босқичма-босқич тақиқ” жорий этилади. 2026 йил охиридан бошлаб Россиядан суюлтирилган газ олиш тўлиқ тақиқланади, 2027 йил кузидан эса қувур орқали газ импорти ҳам тўхтатилади. Кенгаш маълумотига кўра, чеклов янги регламент кучга кирганидан олти ҳафта ўтиб амалда қўлланилади, амалдаги шартномалар учун эса ўтиш даври назарда тутилади.
2025 йил 17 июнгача тузилган қисқа муддатли битимлар бўйича тақиқ 2026 йил 25 апрелдан бошлаб суюлтирилган газга, 2026 йил 17 июндан эса қувур газига нисбатан қўлланади. ЕИнинг Россияга қарши 19-пакет санкцияларига мувофиқ узоқ муддатли суюлтирилган газ импорти бўйича шартномалар учун тақиқ 2027 йил 1 январдан кучга киради. Россиядан табиий газ импорт қилиш бўйича узоқ муддатли битимлар учун тақиқ Европа газ омборлари етарли даражада тўлдирилган тақдирда 2027 йил 30 сентябрдан (ва энг кечи 1 ноябрдан) кучга кириши белгиланган. Айни пайтда “Газпром” ЕИга урушдан аввалги беш қувурдан фақат биттаси – “Туркия оқими” орқали газ етказиб бермоқда.
Бундан ташқари, ҳужжат (уни ҳали Европа Кенгаши ва Европа Парламенти тасдиқлаши керак) ЕИ мамлакатларини газ етказиб беришни диверсификация қилиш бўйича миллий режалар ишлаб чиқишга ҳамда Россия газидан воз кечиш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни кўрсатишга мажбур қилади.
Дастлабки келишув Еврокомиссиянинг назоратини кучайтиради: регламент кучга кирганидан сўнг бир ой ичида давлатлар Россиядан газ импорт қилиш бўйича шартнома мавжудлиги ҳақида ташкилотни хабардор этиши шарт бўлади.
“Ушбу регламент Россия газ етказиб беришни қуролга айлантиргач пайдо бўлган энергия инқирози ортидан ЕИнинг REPowerEU йўл харитасининг асосий элементи бўлиб, Россия энергия ресурсларига қарамликни тугатишга қаратилган”, дейилади ЕИ баёнотида.
Маълумот учун, Еврокомиссия жорий йилнинг июнида тақдим этган режада Россия газидан 2027 йил охиригача тўлиқ воз кечиш таклиф қилинганди. 2024 йилда ЕИ импорт қилган суюлтирилган газнинг қарийб 15 фоизи Россия улушига тўғри келган, қувур газини ҳам қўшганда, Россиянинг умумий улуши 19 фоизни ташкил этган. ЕИ Кенгаши ҳужжатига кўра, 2025 йилда бу кўрсаткич 13 фоиз бўлиши кутилмоқда. Бу эса йилига 15 миллиард евродан ортиқ ҳажм демакдир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи Россия газидан воз кечиш муддатини кўчириб, буни 2027 йил январь ойигача амалга оширишни режалаштираётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси