ЕИ миграция қонунчилигини қатъийлаштирмоқчи

Олам

image

Еврокомиссия Европа Иттифоқида бошпана бериш рад этилган шахсларни тезроқ депортация қилиш режасини тақдим этди. Бу ҳақда Европа Комиссияси порталида тегишли баёнот эълон қилинди.

Еврокомиссия баёнотига кўра, Евроиттифоққа бошпана олиш ҳуқуқи рад этилган муҳожирларни депортация қилиш бўйича соддароқ ва самаралироқ қоидалар зарур.

Ҳужжатга кўра, қуйидаги шахслар депортация қилинади:

  • Европа Иттифоқи ҳудудида ноқонуний яшаётганлар;
  • Давлат органларига ёлғон маълумот бераётган ёки маълумотни яшираётганлар;
  • Ҳукумат билан ҳамкорлик қилишдан бош тортаётганлар;
  • Евроиттифоқда бўлиш муддатини бузганлар;
  • Мамлакат хавфсизлигига таҳдид солаётганлар.

Ҳукумат идоралари билан ҳамкорлик қилишни рад этган муҳожирларга ижтимоий нафақалар камайтирилиши ёки умуман тўхтатилиши ҳам режалаштирилмоқда.

Хавфсизликка таҳдид солувчи шахсларга қўшимча чоралар кўрилади:

  • Уларни ушлаб туриш ва қамоқда сақлаш учун янги асослар жорий этилади;
  • Қамоқда сақлаш муддати 18 ойдан 24 ойгача узайтирилади;
  • Евроиттифоққа кириш тақиқи муддати узайтирилади.

Бундан ташқари, депортация қарорларини Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ўртасида ўзаро тан олиш тизими жорий этилади, бу эса жараённи тезлаштиришга ёрдам беради.

Ҳужжат энди Европарламент ва Европа Кенгашига кўриб чиқиш учун юборилади. Агар қабул қилинса, ушбу янги қоидалар кейинги йил ўрталарида кучга кириши мумкин.

“Deutsche Welle” нашрига кўра, Евроиттифоқ бошпана олиш ҳуқуқи рад этилган шахсларни Иттифоқ ҳудудидан ташқарида жойлашган махсус депортация марказларига жойлаштириш имкониятига эга бўлиши керак.

Ҳужжатда, шунингдек, инсон ҳуқуқлари стандартларига риоя қилиш ва уларнинг бажарилишини таъминлаш зарурлиги қайд этилган. Аммо ушбу қоидалар вояга етмаган бошпана изловчилар ва болали оилаларга нисбатан қўлланилмайди.

Мазкур ислоҳот Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен бошчилигидаги Комиссиянинг асосий лойиҳаларидан бири экани таъкидланган. Германия Ички ишлар вазири Нэнси Фезер Брюсселнинг бу таклифини қўллаб-қувватлаган.

“Бизга Европа миқёсида самарали депортация тизими керак”, дейди у.

Европа Комиссияси маълумотларига кўра, бошпана олиш ҳуқуқи рад этилган ҳар беш нафар муҳожирнинг фақат биттаси Европа Иттифоқидан чиқиб кетади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германияда парламент мухолифати миграция сиёсатини тубдан қатъийлаштиришга қаратилган резолюциянинг қабул қилинишига эришган эди. Бундестаг депутатларининг кўпчилиги Христиан-демократик иттифоқ/Христиан-социал иттифоқи (ХДИ/ХСИ) блоки томонидан илгари сурилган ташаббусни қўллаб-қувватлаган. Ҳужжат доимий чегара назоратини қайта жорий этиш, бошпана беришдан чегарада воз кечиш имконияти ва депортация қилиниши лозим бўлган чет элликларни ҳибсга олиш чораларини ўз ичига олади.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Иттифоқи миграция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг