Германия миграция сиёсатини қатъийлаштирмоқда

Олам

image

Германияда парламент мухолифати миграция сиёсатини тубдан қатъийлаштиришга қаратилган резолюциянинг қабул қилинишига эришди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.

Бундестаг депутатларининг кўпчилиги Христиан-демократик иттифоқ/Христиан-социал иттифоқи (ХДИ/ХСИ) блоки томонидан илгари сурилган ташаббусни қўллаб-қувватлади. Ҳужжат доимий чегара назоратини қайта жорий этиш, бошпана беришдан чегарада воз кечиш имконияти ва депортация қилиниши лозим бўлган чет элликларни ҳибсга олиш чораларини ўз ичига олади.

Овоз беришдан олдин канцлер Олаф Шольц депутатларни резолюцияни рад этишга чақирди, бироқ якунда 348 депутат ҳужжатни қўллаб-қувватлади, 345 киши қарши овоз берди, яна 10 киши бетараф қолди. ХДИ/ХСИ блоки ташаббусидан ташқари, резолюция Озод демократик партия ва ўнг популистик “Германия учун муқобил” партияси вакиллари томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. Қарши овоз берганлар қаторига Германия социал-демократик партияси (ГСДП), “Яшиллар” (“Бирлашган 90/Яшиллар”) ва Чап партия вакиллари кирди.

ХДИ/ХСИ томонидан илгари сурилган ҳуқуқ-тартибот органлари ваколатларини кенгайтириш тўғрисидаги иккинчи ташаббус Бундестаг томонидан рад этилди: 190 депутат ёқлаб, 509 депутат қарши овоз берди, 3 киши бетараф қолди.

ХДИ/ХСИ блоки Германияда муҳожирлар томонидан содир этилган қатор шов-шувли ҳужумлар ортидан миграция сиёсатини қатъийлаштириш ташаббуси билан чиқди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 22 январь куни Бавариянинг Ашаффенбург шаҳрида 28 ёшли афғонистонлик шахс мамлакатда бўлиш ҳуқуқига эга бўлмаган ҳолда кўчада одамларга пичоқ билан ҳужум қилган. Ҳужум оқибатида икки ёшли бола ва 41 ёшли эркак ҳалок бўлди, яна уч киши, жумладан бир бола жароҳат олди.

Бундан бир ой олдин, 2024 йил 20 декабрь куни Магдебург шаҳрида теракт содир бўлди: бир автомобиль катта тезликда Рождество ярмаркасидаги оломон устига ҳайдалди. Ҳодиса оқибатида беш киши ҳалок бўлди, 200 дан ортиқ одам жароҳат олди. Ҳужум қилган шахс Саудия Арабистонидан келган 50 ёшли қочқин бўлиб, у Германияда бошпана олувчи мақомига эга бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия миграция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг