ЕИ Эрон ва Россияга янги санкциялар жорий қилди

Олам

image

Европа Иттифоқи кеча, 18 ноябрь куни Эроннинг Каспий денгизидаги порти ҳамда Эрон ва Россия юк ташиш компанияларига нисбатан санкциялар жорий этишга қарор қилди. Бу ҳақда Европа Иттифоқи баёнот берди.

Хабарга кўра, Европа Иттифоқи Украинага қарши урушни давом эттираётган Россияга Эрон томонидан баллистик ракеталар ва дронларни етказиб бергани учун санкцияларни кенгайтирган. ЕИ қора рўйхатига Эроннинг Каспий денгизидаги иккита порти, Эрон миллий юк ташиш компанияси ва Астрахандан келган учта денгиз юк ташувчи кемаси киритилган. Шу тариқа, ЕИ Эрондан Россияга учувчисиз самолётлар ва ракеталарни ташишни тўхтатмоқчи.

Баёнотда қўшимча чора-тадбирлар Эрон дронлари ва ракеталарини, шунингдек, уларнинг таркибий қисмлари ва технологияларини Россияга ўтказиш учун кемалар ва портлардан фойдаланишнинг олдини олишга қаратилгани ҳақида маълумот берилган.

Қора рўйхатга киритилган портлар – Амиробод ва Бендер-Энзели бўлиб, улар Каспий денгизидаги Эроннинг энг йирик портлари ҳисобланади. Эрон Шимолий флотининг штаб-квартираси Бендер-Энзели шаҳрида жойлашган.

Шунингдек, Эрон Ислом Республикаси Shipping Lines (IRILS) юк ташиш компанияси ва унинг директори Муҳаммад Ризо Хиёбонийга, Астраханнинг МГ-Флот, ВТС-Брокер ва Арапакс компаниялари ҳам қора рўйхатга киритилган.

“IRILS Эроннинг миллий юк ташувчиси ҳисобланади ва унинг кемалари кўп йиллар давомида Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилган, чунки Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ҳарбий-денгиз кучлари номидан дронларни етказиб бериш билан шуғулланади”, дейилган баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа кенгаши Россияга қарши иқтисодий ва индивидуал санкцияларнинг 14-пакетини қабул қилганди. Чекловлар Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигига путур етказувчи ёки таҳдид солувчи ҳаракатлар учун жавобгар бўлган яна 116 нафар жисмоний ва юридик шахсни ўз ичига олганди.

Моҳинур Каримова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Россия Эрон ЕИ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг