Япониянинг биринчи аёл Бош вазири сайланди
Олам
−
21 Октябрь 2025 3219 2 дақиқа
Бугун, 21 октябрь куни Япония парламенти Санаэ Такаитини мамлакатнинг янги Бош вазири сифатида тасдиқлади. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
У яқинда ҳукмрон Либерал-демократик партия (ЛДП) етакчилигига сайланган эди. Такаитининг номзоди парламент аъзоларининг аксарияти томонидан қўллаб-қувватланган ва у Японияда илк бор ушбу лавозимни эгаллаган аёл бўлган.
Сиёсий фаолияти давомида Такаити турли давлат лавозимларида ишлаган ва ЛДПнинг энг тажрибали арбобларидан бири ҳисобланади. У 1961 йилда Нара шаҳрида туғилган, Кобе университетининг иқтисод факультети ҳамда Матсушита давлат бошқаруви ва менежмент институти битирувчиси. Талабалик йилларида рок-мусиқа йўналишларига қизиққани, шунингдек, ёшлигида мототцикл ҳайдагани билан ҳам танилган.
Такаити 1993 йилда илк бор вакиллар палатасига сайланган, 2006 йилда эса бир нечта вазирлик лавозимларини эгаллаган. 2014 йилда у Ички ишлар ва коммуникациялар вазири бўлган. Унинг фаолияти давомида айрим сиёсий баҳс-мунозаралар юзага келганига қарамай, у партиянинг консерватив қанотидаги етакчи шахс сифатида танилган.
2025 йилнинг 4 октябрь куни у ЛДП раислигига сайланди ва ҳукумат коалицияси қайта шакллантирилганидан сўнг Бош вазир лавозимига кўтарилди. Такаитининг таъкидлашича, у мамлакат олдида турган иқтисодий инқироз, кадрлар етишмовчилиги, сиёсий ишончни тиклаш каби устувор масалаларни ҳал қилишга эътибор қаратади.
Янги Бош вазир ўзининг ишчанлиги билан танилган бўлиб, у сайловдан сўнг қилган чиқишида “кўп ишлаш”ни асосий вазифа сифатида кўрсатган.
Экспертларнинг фикрича, янги ҳукумат АҚШ билан яқин ҳамкорликни сақлаб қолади. Шу билан бирга, Токио ташқи босим остида мудофаа харажатларини ошириш ва Россия энергия ресурсларидан воз кечиш бўйича мураккаб қарорлар қабул қилишга мажбур бўлиши мумкин.
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, янги Бош вазирнинг олдида мамлакатнинг сиёсий ишончини тиклаш, иқтисодий ўсишни барқарорлаш ва халқаро майдондаги позицияни мустаҳкамлаш каби муҳим вазифалар турибди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япония Бош вазири Сигэру Исиба бошчилигидаги ҳукумат янги бош вазир сайловлари олдидан тўлиқ таркибда истеъфога чиққани ҳақида хабар берилганди.