Япониядаги поезд станциясида “ақлли” ойна ўрнатилди (видео)
Технология
−
04 Август 2023
4799Японияда Токио шаҳридаги вокзаллардан бирига саёҳатчилар ва япон тилида яхши сўзлаша олмайдиган аҳоли учун “ақлли” монитор ўрнатилди. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
Ўтган ойда Японияга икки миллиондан ортиқ сайёҳлар ташриф буюрди. Шунингдек, Токиодаги бир нечта хусусий компаниялар умумий ҳисобда йилига 3,9 миллиард йўловчига хизмат кўрсатади. Шу сабабли темир йўл компаниялари саёҳатчиларни илиқ кутиб олишга ҳаракат қилишмоқда.
Мамлакатнинг йирик темир йўл компанияларидан бири бўлган Seibu Railway хорижлик сайёҳларга енгиллик яратиш мақсадида янги синхрон таржима тизимини жорий қилмоқда. Унга кўра, станциялардан бирига автомат таржимон ойна ўрнатилди. Бунда ходим ва сайёҳ сўзлашганда шу вақтнинг ўзида оғзаки нутқ экранда бирдан икки тилда пайдо бўлади.
“Биз тақдим этган дисплей япон тилидан бошқа тилларга автоматик тарзда таржима қила олади. Мижозлар чет тилида гаплашганда, станция навбатчиси япон тилида, станция навбатчиси япон тилида гапирса, мижозлар жумлаларни ўз тилида ўқиши мумкин”, деди Seibu Railway темир йўл савдоси ва маркетинг бўйича бўлим бошлиғи Аяно Яжима.
Компания маълумотларига кўра, қурилма мижозларга йўналиш ёки маҳаллий ҳудуд ҳақида маълумот олишга ёрдам бериш учун мўлжалланган.
Ярим шаффоф дисплейнинг баландлиги 40 см, эни эса 70 см. Қурилма VoiceBiz UCDisplay'га эга. У 12 тилга, шу жумладан инглиз, француз ва испан тилларига таржима қила олади.
“Google Translate ҳар доим ҳам мавжуд эмас, чунки ҳамма жойда ҳам Wi-Fi йўқ. Шунинг учун, бу усул телефонни кўтариб, ҳамма нарсани ёзиш, уни кўрсатиш ва тушунмовчиликлардан кўра анча яхшироқ. Барчаси тиниқ экранда бўлса, бу жуда ёқимли”, деди Японияга ташриф буюрган италиялик талаба Кевин Кометто.
Ушбу смарт экран тахминан уч ой давомида компания синовидан ўтганидан сўнг, кузда тўлиқ ишга туширилиши мақсад қилинган.
Маълумот учун, дисплей ҳозирча фақат Сейбу-Синжуку станциясида ўрнатилган. Бу бекат кунига 135 000 га яқин йўловчига хизмат кўрсатади ва Токионинг энг мураккаб транспорт марказларидан бири ҳисобланади. У Синжуку деб номланган машҳур ҳудудда жойлашган. Ушбу станцияда 12 та поезд линияси бўйлаб 200 та чиқиш жойига эга 53 та умумий платформа мавжуд бўлиб, бу кўпинча биринчи марта ташриф буюрган йўловчиларни чалкаштириб юборади.
Эслатиб ўтамиз, Японияда компаниялар офисларда ухлаш учун махсус капсулаларни ўрнатмоқчи.