Японияда зилзила қурбонлари сони 180га етди
Олам
−
09 Январь
2588Японияда юз берган зилзила қурбонлари сони 180 кишига етди. Бу ҳақда NHK телеканали Исикава префектураси маълумотларига таяниб хабар берди.
Қайд этилишича, жароҳатланганлар сони 565 кишига етган. Яна камида 120 киши бедарак йўқолган деб топилган. 28 минг аҳоли эвакуация қилинган.
Зилзилалардан энг кўп Исикава префектураси жабр кўрган, бу ерда 1370 та уй тўлиқ ёки қисман вайрон бўлган.
Маҳаллий аҳолига ичимлик суви етишмаслиги кузатилмоқда. Япония ҳукумати жабрланганларга 32 миллион доллар ёрдам кўрсатишни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 1 январдан бери Японияда 1200 дан ортиқ зилзила содир бўлди. Энг кучли зилзила магнитудаси 7,6 баллни ташкил қилган.
Бу 1885 йилда Япония ҳукумати статистика юрита бошлаганидан бери бу минтақа учун энг кучлиси эди. Сейсмологларнинг фикрича, ерости силкинишлари тахминан яна бир ҳафта давом этади.