Японияда кучли зилзила: Қурбонлар сони ортиб бормоқда
Олам
−
02 Январь
10974Япониянинг ғарбий соҳилидаги Ното яриморолида рўй берган бир қатор кучли зилзилалар оқибатида ҳалок бўлганлар сони ошишда давом этмоқда. Ҳозирча қурбонларнинг умумий миқдори йигирма тўрттага етди. Бу ҳақда "Deutsche Welle" нашри хабар берди.
Бош вазир Фумио Кисиданинг бугун, 2 январь куни берган маълумотларига кўра, “кўплаб қурбонлар” бор. Вазир омон қолганларни қутқариш "вақт билан пойга" ўйнашга тенглигини айтди.
Энг катта вайронагарчилик Ишикава префектурасининг Важима шаҳрида юз берди. У ерда камида саккиз киши ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ уй ёниб кетди, яна кўплари қулаб тушган. 13 соатдан кейин ҳам бошланган ёнғинларни тўлиқ ўчиришнинг имкони бўлмаяпти.
Зилзила мамлакат пойтахтини ҳам четлаб ўтмади. Кеча, 1 январ куни Токиода ҳам 7,6 магнитудали зилзила юз берганди. Зилзила эпицентри Ното яриморолида бўлган бўлса-да, Япония пойтахти Токио яқинида, тахминан 400 км масофада ҳам тебранишлар сезилган. Ер силкиниши натижасида кўчкилар содир бўлган, йўл қопламалари ёрилиб, дарахтлар ағдарилиб тушган. Ҳудудларда дастлаб, 5 метргача бўлган цунами хавфи борлиги эълон қилинди, кейин бу бекор бўлди. Бироқ маҳаллий аҳоли ҳали ҳам эҳтиёт чораларини кўришга чақирилмоқда.
Бугун эрталаб ҳам зилзилалар давом этди. Япония метеорология бошқармаси маълумотларига кўра, кечадан бери жами 155 та ер силкиниши қайд этилган. Метеорологларнинг огоҳлантиришича, ҳафта давомида, айниқса, кейинги икки-уч кун ичида яна кучли зилзилалар юз бериши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойнинг шимоли-ғарбидаги Гансу провинциясининг Жишишан округида содир бўлган 6,2 магнитудали зилзила оқибатида 113 киши ва қўшни Тсинхай провинциясида 18 киши ҳалок бўлганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь