Японияда “буви ижарага бериш” хизмати пайдо бўлди
Олам
−
11 Июль 5459 2 дақиқа
Японияда ноодатий бўлган хизмат тури – “OK Obaachan” (“Хўп бўлади, бувижон”) бувиларни “ижарага бериш” хизмати пайдо бўлди. Бу бўйича махсус портал ишга тушди.
Япония Статистика бюроси маълумотларига кўра, бугунги кунда мамлакатда 65 ёшдан ошган 9,3 миллионга яқин киши ишламоқда – бу аҳолининг ҳар тўртинчиси нафақахўр дегани. Бир компания бу ҳолатни муаммо эмас, балки имконият деб баҳолаб, ноодатий ва “меҳрга тўла” хизматни йўлга қўйди – “OK Obaachan”. 1 соатлик хизмат учун 3300 иена (тахминан 22 доллар) ва шунча йўл харажати эвазига “буви”ни чақириш мумкин. Ёши 60 дан 94 гача бўлган аёл уй юмушларида ёрдам беради, таом тайёрлашни ўргатади, суҳбатлашади ёки шунчаки маънавий кўмак кўрсатади.
Ҳозирда “OK Obaachan” жамоасида ҳар хил кўникмаларга эга бўлган 100 га яқин фаол бувилар бор: кимдир тозалаш ва пазандаликни яхши билади, кимдир чиройли хат ёзишни ёки оилавий можароларни ҳал қилишни. Мижозлар томонидан хизматларга бўлган талаб хилма-хил. Миллий таомлар тайёрлашни ўргатиш, болага қараш, табрикномани каллиграфия билан ёзишда ёрдам, дилдан суҳбат қуриш. Баъзида “бувилар” одамга қийин паллаларда, масалан, айрилиқдан кейин ёки ота-оналар билан муҳим суҳбат олдидан руҳий таянч бўлиш учун таклиф этилади. Баъзи мижозлар эса ҳатто уларнинг ёрдами билан “Япония жамиятининг қандай ўзгарганини” акс эттирувчи лойиҳалар устида ишлайди.
Интернетда бу ташаббус турлича баҳоланди. Айримлар бу ажойиб ғоя деб ҳисоблайди ва унда ҳақиқий меҳрни кўради, бошқалар эса бувилар хавфсизлигидан хавотирда. Ҳатто шундай саволлар ҳам бўлган: “Нега худди шундай хизмат боболар билан йўлга қўйилмаган?”
Аслида Японияда шунга ўхшаш лойиҳа мавжуд. “Ossan Rental” номли хизмат орқали “амаки”ларни (шу жумладан, пенсия ёшидаги эркакларни) “ижарага” олиш мумкин ва улар ҳам анча машҳур.
“OK Obaachan” сервиси Client Partners компанияси бошқарувида ишлайди. Бу компания аёлларни иш билан таъминлашга ихтисослашган ва ўзини “аёллар учун ҳар соҳада ёрдам берувчи хизмат” деб атайди. Компанияда, шунингдек “дўст ижараси” ёки “муваққат оила аъзоси” каби хизматлар ҳам мавжуд – уларнинг барчасида ролларни аёллар ижро этади.
Live
БарчасиПутин Имомали Раҳмонга таъзия билдирди.
22 Декабрь