Япония Россиянинг қарорига қаттиқ норозилик билдирди
Олам
−
22 Март 2022
27324Япония Бош вазири Фумио Кисида бугун, 22 март куни парламентдаги дебатлар чоғида Россиянинг тинчлик шартномаси бўйича музокараларни тўхтатиш қарорига муносабат билдириб, уни қабул қилиб бўлмас деб атади.
“Биз буни мутлақо ноҳақ ва мутлақо номақбул деб ҳисоблаймиз, шу муносабат билан қаттиқ норозилик билдирамиз. Биз шимолий ҳудудлар муаммосини ҳал қилиш (Японияда Курил оролларининг жанубий қисми шундай аталади – таҳр.) ва тинчлик шартномасини тузиш йўлида йўналишимизни ўзгартирмаяпмиз”, деган ҳукумат раҳбари Кисида.
Кисида, шунингдек, ҳукумат 2022 молия йили учун (1 апрелдан бошланади) бюджетни қайта кўриб чиқиш ниятида эмаслигини таъкидлади, бу, хусусан, Россия билан иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун харажатларни ҳам назарда тутади, эндиликда “бу маблағлар Япония корхоналарини қўллаб-қувватлашга қаратилади.
Аввалроқ Россия Япония билан тинчлик шартномасини имзолаш бўйича музокараларни тўхтатгани ҳақида хабар берган эдик. Москва шунингдек, японияликларнинг Курил оролларига бориши учун берилган имтиёзларни ҳам бекор қилди.
Япониянинг РФга қарши санкциялари
Япония аввалроқ Украина атрофидаги вазият туфайли Россия Федерациясига қарши бир нечта санкциялар пакетини жорий қилган эди. Хусусан, гап 300 номдаги товар ва технологияларни етказиб беришни тақиқловчи экспорт чекловлари ҳақида бормоқда. Бунга яримўтказгичлар, денгиз ва авиация хавфсизлигини таъминлаш ускуналари, телекоммуникация ускуналари, алоқа воситалари, ҳарбий маҳсулотлар, жумладан, қурол-яроғ, дастурий таъминот ва нефтни қайта ишлаш ускуналари киради. Бундай чекловлар Россия Федерациясининг 49 та компания ва ташкилотига, жумладан, “Рособоронэкспорт” ОАЖ, “Ростех”, Федерал хавфсизлик хизмати ва Ташқи разведка хизматига жорий этилди.
Бундан ташқари, Япония “Откритие” банки, Новикомбанк, “Совкомбанк”, ВТБ, “Россия” банки, Промсвязбанк ва ВЭБ.РФ активларини музлатиб қўйди. Бундан ташқари, Россия Федерацияси раҳбариятига, жумладан, Президент Владимир Путинга, шунингдек, россиялик ишбилармонларга нисбатан шахсий санкциялар жорий этилди.
Маълумот ўрнида, Россия 1905 йилда Россия-Япония урушидаги мағлубиятдан сўнг Сахалиннинг жанубий қисмини Японияга топширган. 1945 йил февраль ойида эса Совет Иттифоқи Япония билан урушга кириш эвазига Сахалин ва Курилл оролларини қайтариб олган.
LiveБарчаси