Россия Японияни санкциялар учун жазолади

Олам 49420
image
-

Япония Украинадаги вазият туфайли Россияга қарши бир томонлама чекловлар киритгани муносабати билан Москва Токио билан тинчлик шартномаси бўйича музокараларни тўхтатди. Бу ҳақда РФ Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда айтилган.

“Украинадаги вазият муносабати билан Япония томонидан Россияга нисбатан жорий этилган бир томонлама чекловларнинг очиқ-ойдин нодўстона эканини ҳисобга олиб, қуйидаги чоралар кўрилмоқда. Россия томони ҳозирги шароитда Япония билан тинчлик шартномаси бўйича музокараларни давом эттириш ниятида эмас, чунки очиқдан-очиқ нодўстона позицияни эгаллаган ва бизнинг манфаатларимизга зарар етказишни мақсад қилган давлат билан икки томонлама муносабатлар бўйича фундаментал ҳужжат имзоланишини муҳокама қилишнинг иложи йўқ”, дея таъкиданган дипломатик идора баёнотида.

Вазирликнинг маълум қилишича, Россия ва Япония ўртасида 1991 йилда имзоланган ва кунчиқар мамлакат фуқароларининг Курил оролларига визасиз боришига имкон берувчи келишув ҳамда 1999 йилда имзоланган ва муқаддам Жанубий Курил оролларида яшаган японияликларнинг туғилиб ўсган ерига боришини максимал даражада енгиллаштирувчи битимлар тўхтатилди. Россия томони, шунингдек, Курил оролларида қўшма иқтисодий фаолиятни йўлга қўйиш бўйича Япония билан мулоқотдан чиқиб кетмоқда ва соҳавий мулоқотда Япониянинг Қора денгиз иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ҳамкори мақомининг узайтирилишини блоклаб қўйган.

“Икки томонлама ҳамкорлик ва Япония манфаатларига етказилган зарар учун барча жавобгарлик ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни ривожлантириш ўрнига атайлаб Россияга қарши йўналишни танлаган расмий Токио зиммасига тушади”, дейилади ТИВ баёнотида.

Япониянинг РФга қарши санкциялари

Япония аввалроқ Украина атрофидаги вазият туфайли Россия Федерациясига қарши бир нечта санкциялар пакетини жорий қилган эди. Хусусан, гап 300 номдаги товар ва технологияларни етказиб беришни тақиқловчи экспорт чекловлари ҳақида бормоқда. Бунга яримўтказгичлар, денгиз ва авиация хавфсизлигини таъминлаш ускуналари, телекоммуникация ускуналари, алоқа воситалари, ҳарбий маҳсулотлар, жумладан, қурол-яроғ, дастурий таъминот ва нефтни қайта ишлаш ускуналари киради. Бундай чекловлар Россия Федерациясининг 49 та компания ва ташкилотига, жумладан, “Рособоронэкспорт” ОАЖ, “Ростех”, Федерал хавфсизлик хизмати ва Ташқи разведка хизматига жорий этилди.

Бундан ташқари, Япония “Откритие” банки, Новикомбанк, “Совкомбанк”, ВТБ, “Россия” банки, Промсвязбанк ва ВЭБ.РФ активларини музлатиб қўйди. Бундан ташқари, Россия Федерацияси раҳбариятига, жумладан, Президент Владимир Путинга, шунингдек, россиялик ишбилармонларга нисбатан шахсий санкциялар жорий этилди.

Маълумот ўрнида, Россия 1905 йилда Россия-Япония урушидаги мағлубиятдан сўнг Сахалиннинг жанубий қисмини Японияга топширган. 1945 йил февраль ойида эса Совет Иттифоқи Япония билан урушга кириш эвазига Сахалин ва Курилл оролларини қайтариб олган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1976
Рейтинг: 3
t
×