Япония Россияга нисбатан янги санкциялар киритди. Рўйхатда Алишер Усмонов ҳам бор
Олам
−
08 Март 2022
12319Япония ҳукумати Украина атрофидаги вазият ва Россия Федерациясининг тинмаётган ҳарбий амалиёти муносабати билан яна 20 нафар россиялик, жумладан тадбиркорлар ва амалдорларга нисбатан санкциялар жорий қилди. Рўйхат бугун, 8 март куни Япония Ташқи ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинган.
Хусусан, унинг таркибига Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков, Президент Администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенко, Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Дмитрий Козак, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров кирган.
Бундан ташқари, рўйхатга россиялик тадбиркорлар, жумладан, ака-ука Ротенберглар, Геннадий Тимченко, Алишер Усмоновлар ҳам киритилган. Шунингдек, икки ташкилот – Интернет тадқиқот агентлиги ва Wagner PMC’га нисбатан ҳам санкциялар жорий этилган.
Санкцияларга кўра, Япония ҳукумати нефтни қайта ишлаш ускуналарини Россияга экспорт қилишни тақиқламоқда.
Тақиқлар нафақат Украина ҳудуди ҳарбий операцияни олиб бораётган Россияга, балки унга иттифоқдош бўлган Беларусга нисбатан ҳам чиқарилган.
Япония ТИВ Беларусга қарши қўшимча санкциялар рўйхатини эълон қилди, унга 12 нафар жисмоний шахс ва 10 нафар Беларусь компанияси ва ташкилотлари киррган. Хусусан, ундан Беларусь Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) раҳбари – Александр Лукашенконинг ўғли Виктор Лукашенко, Беларусь Президентининг матбуот котиби Наталья Эйсмонт ўрин олган. Япония, шунингдек, Беларус Мудофаа вазирлиги, шу жумладан, мамлакат қуролли кучларига экспортни тақиқламоқда.
Япония аввалроқ Россиянинг 49 компанияси ва ташкилотига, жумладан, Рособоронэкспорт, Ростеc, ФСБ ва Ташқи разведка хизматига нисбатан экспорт санкцияларини жорий қилишни маъқуллаган эди. Шунингдек, “Открытие Банк”, “Новикомбанк”, “Совcомбанк”, ВТБ, “Россия Банк”, “Промсвязбанк” ва ВЕБ.РФ активларини музлатишга қарор қилинган.
Қолаверса, Россия Федерацияси раҳбариятига нисбатан шахсий санкциялар қўлланилган. Рўйхатга Россия Президенти Владимир Путин, Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев, Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев, Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб раҳбари Валерий Герасимовлар киритилган.
LiveБарчаси