Япония Россияга қарши бўлмаган 19 давлатга бор “меҳрини” беряпти
Олам
−
21 Ноябрь 2022
14641Япония ҳукумати БМТнинг Россия Федерациясининг Украинадаги махсус ҳарбий операциясини қоралаган резолюциясини қўллаб-қувватламаган жами 19 давлатга Ривожланиш учун расмий ёрдам (РРЁ) сифатида 12,8 миллиард йен (91 миллион доллар) ажратишга қарор қилди. Бу ҳақда бугун, 21 ноябрь куни NHK телеканали хабар берди.
Бу сумманинг катта қисми Лаога (2,9 млрд йен – 20 млн доллар) тегишли. Бундан ташқари, Вьетнам ва Эрон мос равишда 12 миллион ва 11 миллион доллар олиши кутилмоқда. Шунингдек, рўйхатда Қирғизистон, Эфиопия, Никарагуа ҳам бор эди.
Япония Молия вазирлиги РРЁ доирасида бюджетни тақсимлаш ваколатига эга бўлган Ташқи ишлар вазирлигига қарорни қайта кўриб чиқиш илтимоси билан мурожаат қилди. Хусусан, Молия вазирлиги бундай ёрдамни халқаро ҳамжамиятда тинчлик ва барқарорликни таъминлашни ҳисобга олган ҳолда ажратиш зарурлигини таъкидлади. Ташқи ишлар вазирлиги, ўз навбатида, ёрдамни ноўрин деб ҳисобламаслигини, чунки у, жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлари учун маблағлар ва халқаро ташкилотлар орқали ёрдам кўрсатишни ўз ичига олганини очиқлади. Шу билан бирга, ТИВда қайд этилганидек, мамлакатларни танлаш, авваламбор, дипломатик аҳамият ва гуманитар вазиятдан келиб чиққан ҳолда амалга оширилган.
Япония ҳукумати аввалроқ Украина атрофидаги вазият туфайли Россия Федерациясига нисбатан бир нечта чекловчи чоралар мажмуасини тасдиқлаган эди. Россия, Беларусь, (тан олинмаган) Донецк ва Луганск халқ республикаларидан жами 900 дан ортиқ киши, шунингдек, Россия ва Беларуснинг 250 дан ортиқ компания ва ташкилотлари индивидуал санкциялар остида қолди. Бундан ташқари, Япония “Открытие” банки, Новикомбанк, Совcомбанк, ВТБ, “Россия” банки, Промсвязбанк, ВЕБ.РФ, Сбербанк ва Альфа банк, шунингдек, 40 га яқин Россия ташкилот ва компаниялари активларини музлатиб қўйди.
Экспорти тақиқланган товарлар ва технологиялар рўйхатига 400 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар, жумладан яримўтказгичлар, денгиз ва авиация хавфсизлиги учун ускуналар, телекоммуникациялар, алоқа воситалари, ҳарбий маҳсулотлар, жумладан, қурол-яроғ, дастурий таъминот, нефтни қайта ишлаш ускуналари, юк машиналари, самосваллар, бульдозер, темир йўл локомотивлари, станоклар ва саноатда ишлатиладиган бошқа электр жиҳозлари киради. Бундан ташқари, Россияга ҳашаматли товарлар, жумладан, қиймати 6 миллион йендан (тахминан 43 минг доллар) ортиқ бўлган автомобилларни етказиб беришга ҳам тақиқ қўйилди.
Эслатиб ўтамиз, 14 ноябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси Россия билан уруш оқибатида Украинага етказилган зарарлар реестрини яратиш, шунингдек, Киевга товон тўлаш механизмини шакллантириш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди.
“Украинага қарши тажовуз муносабати билан ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш ва товон тўлаш тўғрисида”ги ҳужжатга 94 давлат овоз берди, 14 давлат қарши бўлди, 73 давлат бетараф қолди.