Япония Марказий Осиёга иқтисодий ёрдам пакетини эълон қилади
Олам
−
01 Август
6843Япония Бош вазири Фумио Кисида август ойида Қозоғистонда Марказий Осиёнинг беш мамлакати етакчилари билан учрашув ўтказади ва минтақага иқтисодий ёрдам пакетини эълон қилади. Бу ҳақда япон ҳукумати расмийларига таяниб, “The Japan Times” нашри хабар берди.
“Кисида 9-12 август кунлари Ўзбекистон, Қозоғистон ва Мўғулистонга ташриф буюриши режалаштирилган. Иқтисодий пакет савдо йўлини ўрнатиш, карбонсизланиш ва одамлар ўртасидаги алмашинувни ривожлантиришга қаратилган. Бу Қозоғистондаги олти томонлама саммитдан сўнг эълон қилинадиган қўшма баёнотнинг бир қисми бўлиши кутилмоқда”, дейилади хабарда.
Ёрдам режасига кўра, Япония Каспий денгизи орқали Марказий Осиё ва Европани Россиясиз боғлайдиган савдо йўлини ўрнатишга кўмаклашади. Шу орқали Япония барқарор экспорт йўли минтақага иқтисодий мустақиллик беришига умид қилмоқда.
“Декарбонизация соҳасида Япония компанияларининг технологиялари ва кредитлари табиий газни қайта ишлашга ёрдам бериш каби чора-тадбирлар учун ишлатилиши кутилмоқда. Айирбошлаш учун Япония минтақадан малакали ишчиларни қабул қилишни режалаштирмоқда”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Токио Хитой ва Россия каби кучли таъсирга эга бўлган давлатлар билан алоқалари мустаҳкам бўлган минтақага барқарор иқтисодий ривожланишда ёрдам беришни мақсад қилган.
“Марказий Осиёнинг бешта давлати – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон – собиқ совет давлатлари бўлиб, Россия билан мустаҳкам хавфсизлик алоқаларини сақлаб туради, бироқ унинг Украинага бостириб кириши сабабли Москвадан маълум даражада узоқлашган.
Марказий Осиё Шарқий Осиё ва Европа ўртасидаги асосий геосиёсий ҳудуд бўлиб, у газ каби табиий ресурсларга бой. Хитой сўнгги йилларда у ерда ўзининг иқтисодий таъсирини кенгайтирмоқда, Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи ҳам алоқаларни мустаҳкамлашга интилмоқда”, деб ёзган “The Japan Times”.
Эслатиб ўтамиз, Япония Бош вазири Фумио Кисиданинг Марказий Осиёга келиши июнь ойида маълум бўлганди. Ўшанда унинг ташрифидан мақсад минтақанинг беш давлати раҳбарлари иштирокидаги саммитда қатнашиш экани маълум бўлганди.
Ҳулкар Муртазоева