Янгийўл электр ва газ таъминоти бўйича наъмунавий туманга айлантирилади
Local
−
27 July 1958 2 minutes
Янгийўл тумани аҳолиси ва тадбиркорларини электр ҳамда газ билан барқарор таъминлаш бўйича махсус штаб ташкил этилади. Унга Энергетика вазири Шерзод Хўжаев бошчилик қилади, туман ҳокими Санъат Жуманиёзов эса унинг ўринбосари бўлади. Бу ҳақда Президент бугун, 27 июль куни ёқилғи-энергетика тармоғида келгусидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида топшириқ берди.
Қайд этилишича, масъуллар икки ҳафтада туманнинг 51 та маҳалласида аҳоли ва тадбиркорларнинг ойлик, чораклик ва йиллик талабини ўрганади. Шу асосда “энергия истеъмоли баланси” шакллантирилади.
Шу билан бирга, ўрганишда қайси маҳаллада трансформатор ёки газ тақсимлаш қурилмасини янгилаш, қаерда тармоқ тортиш зарурлиги аниқ белгиланади. АСКУЭ ва АСКУГ тизимига мос келмайдиган ҳисоблагичлар алмаштирилиб, маълумот узатмаётган қурилмаларнинг узлуксиз алоқаси таъминланади.
Шунингдек, электр ва газ йўқотишларини 2 карра камайтириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилади. Бунда зарур маблағнинг қанчаси тизим корхоналари, қанчаси маҳаллий қўшимча даромад ҳисобидан ажратилиши аниқ кўрсатилади.
Йиғилишда маълум қилинишича, йирик истеъмолчи бўлган корхоналар энергия аудитидан ўтказилиб, уларни тежамкор технологияларга ўтказиш учун банклар томонидан ресурс ажратилади. Барча боғча, мактаб, техникум, шифохона ва поликлиникаларнинг энергия сарфи таҳлил қилиниб, тоифаларга ажратилади.
Кўп қаватли уйларнинг иситиш тизими диагностика қилинади, қарздорликни бартараф этиш бўйича кўчама-кўча иш олиб борилади. Барча ишлар жорий йил 1-октабргача якунланиб, Янгийўл электр ва газ таъминоти бўйича намунавий туманга айлантирилади.
Live
All