Янги таҳрирдаги “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси парламентга киритилди

Жамият

image

Молия вазирлиги томонидан жалб этилган халқаро даражадаги маслаҳатчи (эксперт)лар ҳамда манфаатдор вазирлик ва идораларнинг мутахассис (вакил)ларидан иборат шакллантирилган Ишчи гуруҳи томонидан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди. Вазирлик маълумотига кўра, лойиҳани ишлаб чиқишга Осиё тараққиёт банки ва Жаҳон банки кўмаклашган.

Давлат харидлари соҳасида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат харидлари иштирокчиларига қулайликлар ва кенг имкониятлар яратиш орқали харид қилиш тартиб-таомилларини такомиллаштириш мақсадида Қонун лойиҳасига қуйидаги мазмундаги асосий янгиликлар киритилди:

•    давлат харидлари соҳасида давлат буюртмачилари қамровини кенгайтириш мақсадида, давлат харидларини амалга оширишнинг алоҳида тартиби белгиланган стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналарни корпоратив буюртмачилар сифатида давлат харидларида иштироки таъминланади;

•    давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали операторлари сонини ошириш орқали улар ўртасида кенг рақобат муҳитини яратиш мақсадида, давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали операторлари сонини кўпайтириш ва бу орқали операторлар ўртасида рақобат муҳитини яратиш, натижада давлат харидлари иштирокчилари учун қулай шароит ва сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлашга эришилади;

•    давлат харидларини қисқа муддатларда амалга оширилишини таъминлаш мақсадида, электрон бозор - бир иш куни, (амалдаги таҳрирда қирқ саккиз соат), аукцион - камида беш иш куни (амалдаги таҳрирда камида ўн кун), танлаш - камида беш иш куни (амалдаги таҳрирда танлов камида ўн кун) ва тендер - камида ўн беш иш куни (амалдаги таҳрирда тендер камида ўттиз кун) этиб белгиланди;

•    давлат буюртмачиларига харид қилиш тартиб-таомиллари турларини танлаш имкониятларини ошириш мақсадида, электрон бозор, аукцион ва танлаш учун харидларни амалга ошириш мезонлари мувофиқлаштирилди, яъни базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш минг бараваригача (бюджет буюртмачилар учун олти минг бараваригача) этиб белгиланди;

•    давлат харидларини амалга ошириш механизмларини электронлаштириш мақсадида, тендер (танлаш) ўрнатилган тартибда электрон шаклда амалга оширилиши белгиланди;

•    давлат харидлари соҳасида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчилари ва давлат харидлари ижрокчиларига ўзларининг таъсисчилари ва бенефициар мулкдорларини очиқлаш мажбурияти юклатилмоқда;

•    харид қилинаётган товарлар (ишлар, хизматлар)ни сифат жиҳатидан янада оширилишини таъминлаш мақсадида, товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) ягона миллий классификатори жорий этилади.

Давлат харидлари тўғрисидаги қонун хужжатларини бузганлик учун жавобгарликни белгилаш мақсадида давлат харидлари субъектлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг ушбу Қонун ва бошқа қонун хужжатларига мувофиқ давлат харидлари тўғрисидаги қонун хужжатларига риоя этиши ва шартнома бўйича мажбуриятлар талаб даражасида бажарилиши учун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига тегишли нормалар киритилмоқда.

Шунингдек, давлат харидларида коррупцион ҳолатларни бартараф этиш мақсадида қонун лойиҳасида иштирокчи ва харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчисининг аффилланган шахси давлат харидлари бўйича савдоларда битта лотда иштирок этишга;

иштирокчининг ва (ёки) ушбу иштирокчининг ваколатли вакилининг яқин қариндошлари ижрочини танлаш бўйича қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга ёки давлат буюртмачисининг ёки у томонидан жалб қилинган ихтисослашган ташкилотнинг вакили бўлган ҳолларда иштирокчини давлат харидларида иштирок этишига чеклов белгиланмоқда. Ушбу ҳолат орқали инсофсиз рақобатни олдини олишга эришилади.

Шунингдек, қонун лойиҳасини амалга оширилиши халқаро рейтингларда мамлакатни баҳосини яхшилашга, шу жумладан ИҲТТ ташкилотининг Коррупцияга қарши курашиш бўйича Истамбул харакатлар режаси мониторинги, Давлат молиясини бошқариш самарадорлигини халқаро баҳолаш (PEFA) томонидан ўтказиладиган баҳолашларда яхши натижаларга эришишни таъминлайди ва мамлакатнинг жахон миқёсида обрўсини ошириб, хорижий инвестицияларни жалб этилишига ўз таъсирини кўрсатади.

Қайд этилишича, мазкур хужжатнинг долзарблиги ва муҳимлигини инобатга олган ҳолда Қонун лойиҳаси 30 га яқин вазирлик ва идоралар, шу жумладан стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналар билан келишилган.

Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига киритилган.


Мақола муаллифи

Теглар

давлат хариди

Баҳолаганлар

25

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг