Янги намойишлар. АҚШда яна бир афроамерикалик полиция томонидан ўлдирилди 

Олам

image

Жорий йилнинг 11 апрель куни АҚШнинг Миннесота штатидаги Бруклин-Сентер шаҳрида полициячи афроамерикаликни отиб ўлдирди. Шундан сўнг шаҳарда норозилик намойишлари бошланди. Бу ҳақда "Star Tribune" газетаси хабар бермоқда.  

Қайд этилишича, 20 ёшли Даунт Райт машинасида йўл ҳаракати қоидаларини бузган. Сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари унинг автомобилини тўхтатиб қўйган. 

Полиция Райтни ҳибсга олиш тўғрисидаги буйруқ аввалроқ чиқарилганини маълум қилган, аммо бунинг сабаби ҳақида маълумот берилмаган. 

Газетанинг ёзишича, ёш америкалик уни ҳибсга олмоқчи бўлган полиция талабларига бўйсунишни истамаган ва яна машинасига ўтирган. Кейин ҳуқуқ-тартибот ходимларидан бири Райтга ўқ узган. 

Унинг машинаси аёл киши бошқараётган бошқа машина билан тўқнашиб кетган, аёл шифохонага ётқизилган. 

Воқеадан кейин 500 га яқин одам шаҳар полиция бошқармаси олдида тўпланган. 

Полиция ходимларининг илтимосига биноан улар кетишни истамаган. Сўнг полиция уларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ, гранаталар ва резина ўқлардан фойдаланган. 

Газетанинг ёзишича, Райт вафот этган жойга ҳам тахминан 200 киши келган. Улар полициянинг иккита машинасига зарар етказган. 

Баъзи фуқаролар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига дуч келган. Шаҳарда талончилик ҳолатлари қайд этилган. 

Маълумот ўрнида, ўтган йил 25 май куни Миннеаполисда 46 ёшли америкалик Жорж Флойд полиция томонидан ўлдирилган. Интернетда полициячи Флойднинг бўйнига тиззасини босган ва у нафас ололмаётганини такрорлаган видеоролик кўплаб америкаликларнинг ғазабига сабаб бўлган. Полиция шафқатсизлигига қарши норозилик намойишлари Миннеаполисни, кейин Американинг бошқа шаҳарларини қамраб олган ва ҳатто, АҚШ ташқарисига ҳам тарқалган. Бир қатор шаҳарларда норозилик намойишлари тартибсизликларга, бузғунчилик ҳаракатларига, дўконларни ёқиш ва талон-торож қилишга, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан тўқнашувларга олиб келган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ полиция афроамерикалик

Баҳолаганлар

154

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг