Яна ноутбук машмашаси: Намангандаги ўқувчи ютган соврин бирйўла тортиб олинди
3-саҳифа
−
22 Январь 2022
18340Ижтимоий тармоқларда Наманган вилояти Норин туманидаги 1-мактаб ўқувчисига берилган ноутбук қайтариб олингани ҳақидаги видеомурожаат тарқалди. Видеомурожаатда айтилишича, Республика миқёсида ўтказилган онлайн олимпиадада математика фани бўйича фахрли 1-ўринни қўлга киритган Муроджон исмли ўқувчига берилган ноутбук қайтариб олинган.
“2022 йил 10 январь куни бўлиб ўтган Республика онлайн олимпиадасида биринчи ўринни эгалладим ва менга ноутбук билан фахрий ёрлиқ берилди. Аммо бу ноутбукни мактабимиз ўқитувчилари олиб қўйди. Сабабини сўраганимда “бу мукофот сеники эмас, чунки сени номингдан биз ишлаганмиз, биз меҳнат қилганмиз” деди. Ўқитувчига берилган совғани эса методист ишлатади, у ҳам меҳнат қилган деб методистга бериб қўйди”, дейди Муроджон ўз видеомурожаатида.
Эслатиб ўтамиз, бу танловда ғолиби бўлган ўқувчиларни тақдирлаш билан боғлиқ биринчи муаммоли ҳолат эмас. Бундан олдин Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги мактаблардан бирининг 8-синф ўқувчиси “Бир миллион дастурчи” кўрик-танловида ғолиб бўлган Сардор Сатторов ваъда қилинган янги ноутбук ўрнига эскиси билан тақдирланганди. Ўқувчи ноҳақликка учраганини айтиб, видеомурожаат йўллаши ортидан бу масала кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Кейинроқ IT-парк танлов ғолибларини тақдирлаш билан боғлиқ муаммо бартараф этилганини, унга янги ноутбук совға қилинганини билдирди.
Аммо ўқувчига нисбатан ноҳақлик қилиниши ортидан Нуробод тумани Халқ таълими бўлими таълим жараёнига АКТни жорий этиш шўъбаси бош мутахассиси Аслиддин Дангалов ишдан олинди. Нуробод туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Наврўзбек Жалолиддиновга нисбатан Меҳнат кодексининг 181-моддаси (интизомий жазолар) 1-бандига асосан “ҳайфсан” олганди. Аммо орадан бироз ўтиб вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Наврўзбек Жалолиддиновни вазифасидан озод этилганини маълум қилди.
LiveБарчаси