Яна икки миллионер Россия фуқаролигидан воз кечди
Олам
−
02 Март
18774Америкадаги Veeam Software ва Object First IT компаниялари асосчилари Андрей Баронов ва Ратмир Тимашев Россия фуқаролигидан воз кечди. Бу ҳақда “Forbes” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, иккала тадбиркор ҳам узоқ вақтдан бери Россияда яшамайди. Баронов Швейцарияда, Тимашев эса АҚШда истиқомат қилади. Россия паспортидан воз кечган миллионерлар Кипр фуқаролигини сақлаб қолган.
Андрей Баронов 2023 йилда Россия фуқаролигидан воз кечиш учун ҳужжатлар тақдим этишини LinkedIn ижтимоий тармоғидаги ўз аккаунтида эълон қилган. У постида Россия қўшинларининг Украинага киришини танқид қилган ва “Украина ҳудудидаги кўчирилган украиналикларга” ёрдам берган нуфузли гуманитар ташкилотларга миллионлаб доллар хайрия қилганини билдирган.
Манбага кўра, тадбиркорлар Россиянинг Кипрдаги элчихонасида фуқароликдан воз кечиш процедурасидан ўтган. Баронов ва Тимашев Украинада уруш бошланганидан кейин Россия фуқаролигидан воз кечган “Forbes” рўйхатининг собиқ ва ҳозирги аъзолари орасидан саккизинчи ва тўққизинчи тадбиркор бўлди.
Уруш бошланганидан кейин “Forbes” рейтингига кирган қуйидаги тадбиркорлар ҳам Россия фуқаролигидан воз кечган:
- Рубен Варданян (“Тройка Диалог”),
- Тимур Турлов (Freedom),
- Юрий Милнер (DST Global),
- Николай Сторонский (Revolut),
- Игор Макаров (“Итера”нинг собиқ эгаси) ,
- Олег Тиньков (Tinkoff Group асосчиси),
- Василий Анисимов (Алишер Усмоновнинг собиқ бизнес шериги).
Маълумот учун, “Forbes” талқинига кўра, 2017 йилдан 2021 йилгача Баронов ва Тимашев Россиянинг 200 та энг бадавлат тадбиркорлари рейтингига киритилган. 2020 йилда журнал Бароновнинг бойлигини 770 миллион доллар, Ратмир Тимашевникини 680 миллион доллар деб баҳолаган. Уларнинг бойлигининг асоси Veeam Software компаниясини Американинг Insight Partners венчур фондига беш миллиард долларга сотишдан олинган даромаддир.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия Адлия вазирлиги “Tinkoff Group асосчиси Олег Тиньковни хорижий агентлар” реестрига киритганди.