Яна бир вилоятда боғчалар ёпилди. Ходимларнинг маоши нима бўлади?
Жамият
−
15 июл 2847 2 дақиқа
Аномал иссиқ об-ҳаво сабаб Фарғона ва Сурхондарё вилоятларида ҳам мактабгача таълим ташкилотларининг фаолияти вақтинчалик тўхтатилди. Муассаса ходимларига эса маошининг камида учдан икки қисми миқдорида ҳақ тўланади.
Фарғона вилоятида кузатилаётган аномал иссиқ сабаб 16–17 июль кунлари вилоятдаги барча давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти вақтинча тўхтатилади.
Маълум қилинишича, мактабгача таълим ташкилотлари 2026 йил 20 июль, душанба кунидан бошлаб одатий тартибда ўз фаолиятини давом эттиради.
Шунингдек, Сурхондарё вилоятида ҳам аномал иссиқ об-ҳаво шароити сабаб бир қатор давлат мактабгача таълим ташкилотлари 18 июль кунига қадар вақтинча ёпилади. Қарор Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимларининг тавсиясига мувофиқ, мактабгача ёшдаги болаларнинг ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида қабул қилинган.
Мутасаддилар ота-оналардан фарзандлари саломатлигига алоҳида эътибор қаратишни, уларни куннинг энг иссиқ вақтларида узоқ муддат очиқ ҳавода қолдирмасликни, етарли миқдорда суюқлик истеъмол қилишини таъминлашни ҳамда имкони қадар салқин жойларда бўлишлари учун шароит яратишни сўрамоқда.
Ходимларнинг маоши қандай тўланади?
Меҳнат кодексининг 266-моддаси (бекор туриб қолинган вақт учун ҳақ тўлаш)га кўра, иш берувчига ва ходимга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра бекор туриб қолинган вақт учун бекор туриб қолинган вақтга мутаносиб равишда ҳисобланган тариф ставкаси (маоши)нинг камида учдан икки қисми миқдорида ҳақ тўланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда жорий ҳафта охиригача жазирама кучайиб, ҳаво ҳарорати айрим ҳудудларда 44 даражагача кўтарилиши кутилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Жазирама сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолига иссиқ об-ҳаво таъсиридан ҳимояланиш ва саломатликка эътибор қаратиш бўйича тавсиялар берган.
Шунингдек, жазирама сабабли Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри ва яна 8 туманидаги боғчалар фаолияти вақтинча тўхтатилиши белгиланди. Кейинроқ эса Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ушбу чоралар Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам вазиятдан келиб чиқиб жорий қилиниши мумкинлигини маълум қилди. Шундан сўнг Хоразм вилоятидаги барча давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти вақтинчалик тўхтатилиши белгиланди. Шу билан бирга, Навоий вилоятидаги айрим боғчалар ҳам вақтинча ёпилди. Бундан ташқари, Бухоро вилоятида ҳам мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти вақтинча тўхтатилди.
Live
Барчаси“Қўқон патири” патентланди
15 июл