Яна бир халқаро мусобақа коронавируснинг “қурбони”га айланди
Спорт
−
17 Февраль 2020
7437Жорий йилнинг 17-22 март кунлари Малайзияда велоспортнинг шоссе йўналишида Осиё чемпионати ўтказилиши белгиланган эди. Афсуски, айни пайтда бутун дунё ҳамжамиятини ташвишга солиб келаётган коронавирус мазкур мусобақага ҳам ўз таъсирини ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Осиё велоспорт конфедерацияси ўтказган йиғилиш қарорига кўра, мазкур мусобақа вирус сабаб бекор қилинди. Халқаро ташкилот мутасаддилари бундай вазиятда спортчиларнинг соғлиғи ҳар қандай ҳолатда ҳам биринчи ўринга олиб чиқилишини таъкидлашмоқда. Осиё чемпионатининг қачон ва қаерга қолдирилиши борасида якуний қарор яқин кунлар ичида эълон қилинади.
Велоспорт бўйича асосий терма жамоамиз айни пайтда Туркияда ушбу мусобақага тайёргарлик олиб бораётган эди. Халқаро ташкилотнинг қарори йиғинимизга таъсир ўтказмайди.
Аввалроқ, Tуркманистонда ўтиши керак бўлган футзал бўйича Осиё чемпионати ва Хитойда ўтиши керак бўлган бокс бўйича Токио Олимпиадасига йўлланма берувчи мусобақа қолдирилганди.
Янги коронавирус
Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.
Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 28 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, АҚШ, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал, Испания, Бельгия ва Мисрда аниқланди.
Бугунгача вирусдан ҳалок бўлганлар 1775 нафарга, у билан касалланганлар 71 334 нафарга етди. ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади. ЖССТ янги коронавирусга расман ном берди ва у COVID-2019 деб аталди.
Коронавирус бугунгача қурбонлар сони бўйича 2002 йилдаги атипик пневмония (SARS) ва 2012 йилдан бери Яқин Шарқ респиратор синдромини (MERS-CoV) ортда қолдирди. SARS`дан 8096 нафар одам касалланган, шулардан 774 нафари (ўлим даражаси 9,6 фоиз) ҳалок бўлган. MERS-CoV вирусидан 2494 нафар одам касалланиб, уларнинг 858 (ўлим даражаси 34,4 фоиз) нафари қурбон бўлган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь