Коронавирус сабаб футзал бўйича Осиё чемпионати ҳам қолдирилди

Спорт 1324
image

Жорий йилнинг 26 феврал – 8 марть кунлари Tуркманистон давлатида бўлиб ўтиши керак бўлган футзал бўйича Осиё чемпионати номаълум муддатга қолдирилди.

Бунга сабаб Хитойда кенг тарқалган коронавирус хавфи ортиб бораётганида. Ҳозирда ушбу мусобақанинг қайси санада ўтказилиши маълум эмас. Tез кунларда ОФК томонидан бунга аниқлик киритилиши керак.

Эслатиб ўтамиз, футзал бўйича ушбу Осиё чемпионатида жорий йилнинг 12 сентябрь ва 4 октябрь кунлари Литва давлатида бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати учун йўлланмалар ҳам ўйналади.

Осиё чемпионатида кучли бешликка кира олган терма жамоалар Жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Бундан олдинги Жаҳон чемпионати Колумбия давлатида ўтказилган бўлиб, унда Ўзбекистон футзалчилари иштирок этган эди.

Mаълумот учун, Ўзбекистон футзал терма жамоаси мазкур мусобақанинг С гуруҳида Баҳрайн, Индонезия ва Хитой термаларига қарши кураш олиб боради.

Аввалроқ, коронавирус сабаб Хитойда ўтиши керак бўлган бокс бўйича Токио Олимпиадасига йўлланма берувчи мусобақа қолдирилганди.

Янги коронавирус

Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.

Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 26 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, Америка Қўшма Штатлар, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал ва Испанияда аниқланди.

Вирусдан ҳалок бўлганлар сони 492 нафарга, у билан касалланганлар сони 24552 нафарга етди. ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади.

Шаҳноза Тўрамуротова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 15
Рейтинг: 2.6
t
×