Яна бир дунё гўзали аниқланди (фото)
Олам
−
13 Ноябрь
45850Кеча, 12 ноябрь куни Япония пойтахти Токио шаҳрида якунланган “Miss International – 2024” гўзаллик танловида вьетнамлик Хюинь Тхи Тхань Тхюи ғолиб деб эълон қилинди. Бу ҳақда танловнинг расмий сайтида хабар берилди.
Қайд этилишича, “Miss International – 2024” мукофотини топшириш маросими Токиодаги “Tokyo Dome” стадионида ўтказилган. 62-халқаро танлов барча иштирокчиларнинг миллий либослардаги чиқиши билан бошланган. Финалда Боливия, Польша, Чехия, Вьетнам, Индонезия, Испания, Янги Зеландия ва Венесуэла вакилалари иштирок этган. Танлов қоидаларига кўра, улар якуний босқичда бошловчиларнинг саволларига жавоб бериши зарур бўлган ва гендер тенглиги, сунъий интеллект, лидерлик, экология ва иқтисодиёт каби мавзуларда ўз фикрларини баён қилган.
Мазкур босқич давомида Тхань Тхюига ҳозирги авлод таълим тизимига кучли таъсир қилган воқеа ҳақида савол берилган ва у пандемия даврида глобал таълим тизимининг ривожланиши бу борада энг катта таъсир кўрсатганини таъкидлаган.
“COVID-19 туфайли уйда қолишимизга ва онлайн таълимга ўтишимизга тўғри келди. Бу эса Edtech (таълим технологиялари) ривожланиши учун имконият яратди. Умид қиламанки, талабаларга ׅEdtech ёрдамида ўрганиш ва изланиш имкониятлари кўпроқ бўлади. Бу “Барқарор ривожланишнинг 4-мақсади” – сифатли таълимга кириш имконияти билан ҳамоҳанг”, деди у.
Маълумотларга кўра, 22 ёшли гўзаллик маликаси Вьетнамнинг Дананг қирғоқ шаҳрида яшайди. У маҳаллий чет тиллари университетида ўқийди ва корейс ҳамда инглиз тилларини билади. Тхань Тхюининг бўйи 1,76 м бўлиб, ўлчамлари 80-63-94 сантиметрни ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Австралиялик модель Жессика Лейн 76 мамлакат вакилалари иштирок этган “Miss Earth” (Ер гўзали) танловида ғолиб бўлган эди.