Ямаль финал олдидан жароҳат олди

Спорт

image

Испания терма жамоаси ҳужумчиси Ламин Ямаль 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг финали арафасида сонида оғриқ ҳис қилмоқда. Бу ҳақда Испаниянинг AS нашри хабар берди.

Манбага кўра, футболчи кеча, 16 июль куни жамоадан алоҳида тарзда машғулот ўтказган. Машғулотлар давомида унинг чап сонига махсус бандаж тақиб олгани ҳам кузатилган. Бироқ испаниялик журналист Альфредо Мартинеснинг маълум қилишича, Ямаль ҳал қилувчи учрашувга тайёр бўлади.

2026 йилги Жаҳон чемпионатининг финалида Испания ва Аргентина терма жамоалари ўзаро баҳс олиб боради. Учрашув жорий йилнинг 19 июль куни Тошкент вақти билан соат 23:55 да старт олади.

Ямаль ушбу мундиалда 7 та учрашувда майдонга тушиб, 1 та гол муаллифи бўлди.
Маълумот учун, 19 ёшли футболчи “Барселона” академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. У 2023 йил апрель ойидан буён клубнинг асосий жамоаси сафида тўп суриб келмоқда. Шу вақт ичида у “Барселона” билан уч марта Испания чемпиони (2023, 2025, 2026), икки марта Испания Суперкубоги (2025, 2026) ва бир марта Испания Кубоги (2025) соҳиби бўлди.

Испания миллий терма жамоаси сафида эса Ямаль 27 та учрашувда иштирок этиб, 7 та гол урган ва 12 та голли узатмани амалга оширган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг