Якун яқин. Кимнинг қўли баланд келмоқда?
Олам
−
15 Май 2023
15709Туркия Президентлиги учун кураш қизғин тус олмоқда. Аллақачон жами овозларнинг 85,89% эълон қилиб бўлинди.
Унга кўра натижалар қуйидагича:
Ражаб Тойиб Эрдўған: 50,30%
Камол Қиличдорўғли: 43,91%
Синан Оған: 5,31%
Ҳеч кимга сир эмаски, президентлик учун асосий кураш "Жумҳурият" партияси вакили Ражаб Тойиб Эрдўған ҳамда "Миллат иттифоқи" муҳолифат партиясидан номзод Камол Қиличдорўғли ўртасида кечмоқда.
Туркияликлар эса бу тунни уйқисиз ўтказмоқчи. Айни пайтда Эрдўған штаб квартираси олди Туркия байроғи ва амалдаги президент суратини кўтарган аҳоли вакилларига тўлган. Худди шундай Қиличдорўғлининг қароргоҳи олдида ҳам унинг тарафдорлари томонидан қўллаб-қувватлов шиорлари овози янграмоқда.
Шунингдек, Турк телеканаллари орқали Қиличдорўғли тарафдорлари эълон қилинаётган рақамлар ёлғон эканини айтиб, ҳақиқий рақамлар бўйича Камол Қиличдорўғли Эрдўғандан анча олдинда эканини айтиб чиқди.
Бунга жавобан Эрдоған партияси сайлов масалалари бўйича раис ўринбосари Али Иҳсан Явуз натижаларда ҳеч қандай ёлғон йўқлигини билдирди.
"Ваҳима муҳитида улар энди институтларни айбламоқда. Сиз натижаларни ҳаммадан олдин билишга тайёрланаётган эдингиз, бир неча ой давомида эҳтиёт чораларини кўрдингиз, демак сиз нима бўлаётганини тушунасиз. Айни пайтда биз парламентда ҳам, президентлик пойгасида ҳам анча олдиндамиз", деди у.
Жараённи синчковлик билан кузатаётган сиёсатшунослар ва экспертлар эса эҳтимол иккинчи раунд муқаррар экани ҳақида гапирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Олий давлат лавозими учун курашда ғалаба қозониш учун 50 фоиздан кўпроқ овоз олиш керак. Маҳаллий сиёсатшунослар ҳам ҳозиргача Туркияда президентлик сайловлари икки турда ўтказилишини истисно этмаяпти. Бунда иккинчи тур 28 май куни бўлиб ўтади. Унда кўпчилик овозини тўплаган номзод ғолиб деб эълон қилинади.
LiveБарчаси