ЙҲХББ тўлов эвазига автомобилга “сирена” ёки “мигалка” ўрнатиш ҳақидаги хабарга изоҳ берди

Жамият

image

Бугун, 4 декабрь куни ижтимоий тармоқларда 2021 йил 1 январдан бошлаб транспорт воситаларига махсус товушли ишоралар берувчи мослама “сирена” ёки ялт-ялт этувчи чироқ-маёқча “мигалка” ўрнатиш учун бир йилига БХМнинг 50 фоизи (1 431 660 сўм) миқдорида пул тўлаб рухсатнома берилиши белгилангани ҳақида хабарлар тарқалди.

Мазкур хабарлар юзасидан Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси расмий баёнот берди ва уларни асосланмаган ёлғон маълумот эканини айтди.

Унда билдирилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сон қарори билан тасдиқланган “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 3-иловаси (Транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқловчи шартлар) 7.21-бандига кўра, транспорт воситалари ўзбошимчалик билан ялт-ялт этувчи чироқ-маёқча ва (ёки) махсус товушли ишоралар билан жиҳозланган бўлса, ёхуд транспорт воситасининг ташқи юзасида белгиланган талабларга мос келмайдиган махсус рангли график чизмалар, ёзувлар ва белгилар бўлса бундай транспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқланади. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 ноябрдаги “Автомототранспорт воситаси конструкциясини ва (ёки) унинг қисмини ўзгартириш билан боғлиқ фаолиятни бошлаганлик ёки тугатганлик ҳақида хабарномани тақдим этиш ва автомототранспорт воситасини қайта жиҳозлашга рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 758-сон қарорида транспорт воситаларига тўлов асосида ялт-ялт этувчи чироқ-маёқча ва (ёки) махсус товушли ишоралар ўрнатиш учун рухсатнома берилиши бўйича маълумотлар мавжуд эмас.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 127-моддаси иккинчи қисмига кўра, тегишли рухсат олмай туриб транспорт воситаларига товуш чиқарувчи ва ёритувчи махсус қурилмаларни ўрнатиш, худди шунингдек давлат рақам белгиларини кўриш имкониятини чеклайдиган, уларни англашга тўсқинлик қиладиган турли ашёлар ўрнатиш ва қоплама суртиш — ана шу қурилмаларни мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

“Ижтимоий тармоқдаги барча норасмий саҳифалар эгаларидан асосланмаган, ёлғон маълумотларни ўз саҳифаларида эълон қилмасликларини сўраб, ёлғон маълумот тарқатганлик учун тегишли тартибда жавобгарлик мавжудлиги ҳақида огоҳлантирамиз”, дейилади ЙҲХББ баёнотида.


Мақола муаллифи

Теглар

автомобиль

Баҳолаганлар

289

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг