Wildberries яна нишонда: Украина бу сафар Воронеждаги омборни бомбалади (видео)

Олам

image

Украина дронлари бугун, 11 августга ўтар кечаси Россиянинг Воронеж вилоятига ҳужум қилди. Зарба оқибатида 1 киши ҳалок бўлди, яна 2 киши жароҳатланди. Бу ҳақда вилоят губернатори Александр Гусев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, 11 августга ўтар кечаси Новоусманский туманида кўчада бўлган 49 ёшли эркак дрон ҳужуми оқибатида оғир яраланган ва кейинчалик шифохонада вафот этган. Яна икки киши жароҳатланган. Улардан бири ҳужум вақтида кўчада, иккинчиси эса йирик логистика маркази ҳудудида бўлган.

Воронеж вилояти губернатори Александр Гусевнинг маълум қилишича, шу тумандаги йирик компаниянинг иккита омборида ҳам ёнғин чиққан. Бироқ губернатор компания номини очиқламаган.

Wildberries компанияси ҳужум компаниянинг логистика обектларига қаратилганини маълум қилган. Матбуот хизмати хабарига кўра, ходимлар хавфсизлик талабларига мувофиқ эвакуация қилинган.

Маълумот учун, Wildberries’нинг Воронеж вилояти Новоусманский туманидаги Александровка қишлоғида тақсимлаш маркази мавжуд. Комплекс майдони 152,9 минг квадрат метрни ташкил этади. Марказ омборларида 90 миллиондан ортиқ товарни сақлаш имкони бор.

Гусевнинг сўзларига кўра, тун давомида Воронеж шаҳри ва вилоятнинг беш туманида Россия ҳаво мудофаа кучлари 15 та Украина дронини йўқ қилган.

Бундан ташқари, Оренбург вилоятида ҳам дронлар ҳужуми хавфи эълон қилинган. 11 августга ўтар кечаси вилоят губернатори Евгений Солнцев дронлар ҳужуми хавфи ҳақида огоҳлантирган ва аэропорт фаолияти вақтинча тўхтатилганини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Твер вилоятида ҳаво ҳужумига қарши мудофаа кучлари қайтарган дрон қолдиқлари Wildberries логистика марказининг фасадига зарар етказган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг