Яна Wildberries: бу сафар Твердаги омбор бомбаланди
Олам
−
20:22 352 2 дақиқа
Россиянинг Тверь вилоятида ҳаво ҳужумига қарши мудофаа кучлари қайтарган дрон қолдиқлари Wildberries логистика маркази фасадига зарар етказди. Бу ҳақда вилоят губернатори вазифасини бажарувчи Виталий Королёв маълум қилди.
Королёвнинг айтишича, бугун, 6 август куни Россия ҳаво ҳужумига қарши мудофаа кучлари минтақа узра учувчисиз учиш аппаратлари ҳужумини қайтарган. Ҳужум оқибатида қулаган дрон қолдиқлари Wildberries логистика мажмуаси фасадига енгил зарар етказган. Ҳодиса вақтида ҳеч ким жабрланмаган.
Шунингдек, Калинин туманида дрон қолдиқлари боғдорчилик ширкатлари ҳудудидаги бир нечта хўжалик иншоотларига ҳам шикаст етказган. У ерда ҳам жабрланганлар қайд этилмаган.
Қайд этиш жоиз, Wildberries’нинг логистика марказлари 18 июлдан буён мунтазам дрон ҳужумларига учрамоқда. Бу ҳужумлар ёнғинлар, вайронагарчилик ва инсон қурбонларига сабаб бўлган. 6 август ҳолатига кўра, маркетплейснинг ўнлаб объектларига зарбалар берилгани ва айримлари эвакуация қилингани маълум.
Жумладан, Тамбов вилоятининг Котовск шаҳрида конструкциялар қулаши ва ёнғин оқибатида 7 киши ҳалок бўлган, яна қарийб 25 киши оғир жароҳат олган. Москва вилоятининг Электросталь шаҳрида эса дрон ҳужуми туфайли 100 минг квадрат метргача майдонда ёнғин чиққан ва 57 киши жабрланган. Россия Тергов қўмитаси ушбу ҳодисалар юзасидан “террорчилик” моддаси бўйича жиноят ишларини қўзғатган.
20 июль куни хавф сабабли Колединодаги йирик логистика маркази эвакуация қилинган. 22 июль куни Краснодар ҳамда Ставрополь ўлкасининг Невинномысск шаҳридаги логистика мажмуаларига ҳужум қилинган. Кейинги ҳужумлар тўлқинида Санкт-Петербург (Шушари), Ленинград вилояти ва Симферополдаги объектлар нишонга олинган.
Шунингдек, 2 август куни Самара вилоятининг Новосемейкино аҳоли пунктидаги 130 минг квадрат метрли тақсимлаш марказига оммавий ҳужум уюштирилган. 4 августга келиб омбор тўлиқ ёниб кетган, бироқ ўз вақтида ўтказилган эвакуация туфайли қурбонлар бўлмаган.
3 август куни Владимир вилоятининг Хрястово қишлоғидаги компаниянинг йирик логистика марказларидан бирида ёнғин чиққан. 4 август куни Ленинград вилоятининг Красный Бор посёлкасидаги Wildberries объектига дрон ҳужум қилган.
Live
Барчаси