VPN – Ўзбекистонда давлат хавфсизлиги учун янги хавф! Уни ҳатто Ҳукуматдагилар ишлатяпти

Таҳлил

image

Анчадан буён оғиз жуфтлаб, айтишга вақтми ё қулай вазиятни тополмай, йўқ, қоғозга туширолмай юрган бир гапим бор: Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Facebook’га қандай киряпти? У баъзан Ҳукумат фаолиятига доир хабарларни Facebook’даги саҳифаси орқали эълон қилади. Айрим ҳолларда бошқа маҳаллий интернет-нашрларнинг мақолаларини кузатувчилари билан бўлишади. Қандай кўринишда бўлмасин, у доим онлайн ҳолатда!
 
Булар қаторига давлат расмийларидан Ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари – Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори в.в.б. Комилжон Алламжонов, Олий Мажлис депутати Расул Кушербоевни, Тошкент шаҳар ҳокимияти ва бошқа вилоятлар ҳокимликларини келтириш ва бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин? Хўш, улар Facebook’дан қандай фойдаланяпти? VPN орқали, шундайми?
 
Тугаб бораётган йил ахборот технологиялари ва коммуникациялар соҳасида, хусусан интернет тизимида Ўзбекистон учун катта йўқотишлар йили бўляпти, десак муболаға бўлмайди. Қайси даврага кирманг, одамлар интернетнинг пастлиги, уяли алоқанинг сифати ёмонлиги, тўланаётган маблағга нисбатан, эҳтиёжга мос хизмат кўрсатилмаётганидан нолийди. Мамлакатда охирги уч ойдан зиёдроқ вақт давомида нафақат хорижий, балки маҳаллий сайтларга кириш кун сайин қийинлашяпти. Бу ҳам етмагандек, Facebook ижтимоий тармоғи ҳеч қандай изоҳсиз чеклаб қўйилди. Унга VPN’сиз уланишнинг имкони бўлмаяпти. Facebook ортидан YouTube ҳам норасмий тақиққа учради.
 
Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили деб номланган жорий йилнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бир неча бор ахборот технологиялари ва коммуникациялар соҳасида йиғилиш ўтказди ва ҳар бир учрашувда Ўзбекистонда интернет тезлиги паст, сифат ёмонлигини танқид қилди.
 
Баъзан ўзгаришлар бир зумда бўлмайди, кутиш, сабр қилиш керак, деб ўзимизни ўзимиз юпатамиз. Борига шукр қилишга ҳаракат қиламиз. Юқорида ўтирганларга ҳам осон эмас, минглаб одам ҳаракат қиляпти, деймиз. Лекин 2018 йилда ахборот технологиялари ва коммуникациялар соҳасида амалга оширилган ишларни тарозининг бир палласига, иккинчисига эса одамларнинг норозилиги, чеки-чегараси йўқ шикоятлар ва арзларни қўяйликчи, қай бири кўпроқ тош босаркин...
 
Энди эса мақола аввалида бошлаганимиз VPN масаласига тўхталсак. Жорий йилгача Ўзбекистонда кам сонли интернет фойдаланувчиларигина VPN нималигини билар эди. Уларнинг яна бир неча кам сонлисигина VPN’дан фойдаланарди.
 
Хўш, VPN нима ўзи?
 
Одам тилида тушунтирадиган бўлсак, VPN чеклаб қўйилган сайтларга кириш имкониятини яратувчи воситадир. Сиз VPN орқали Facebook ва YouTube’га киряпман, десангиз хато қиласиз. Чунки, VPN тугмачасини босиш орқали, ўзингиз ҳақингиздаги барча маълумотларни, ҳатто, шахсий саҳифангиз паролини ҳам хориждаги хакерларга узатасиз. Бундан келиб чиқсак, Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовдан тортиб, Fecebook’га VPN орқали уланаётган бошқа амалдорларнинг шахсий маълумотлари аллақачон халқаро базадан ўрин олиб бўлган.
 
Тан олиш керак, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимида иш бошлагандан буён мамлакатда VPN’га эҳтиёж қолмаган эди. Чунки, Ўзбекистонда айтиб бўлмайдиган, чиқарилиши чекланган ёки тақиқланган ахборот қолмади. Президент ОАВ фаолиятини очиқ, эркин ва шаффоф бўлишига шахсан эътибор қаратди. Ўз-ўзидан Ўзбекистонда Ҳукуматидаги воқеликлардан тортиб, оддий одамлар ҳаётидаги ўзгаришларни ёритиб келаётган хорижий сайтларга яширинча кириш камайди. Бу эса VPN қурилмасини ишлатувчилар сони тушиб кетишига олиб келди. Ўзбекистонда миллий ахборот сегментига эътибор кучайди, маҳаллий интернет сайтларнинг обрўси бир поғона кўтарилди, бизнесда уларнинг бозори яратилди.
 
Интернет – кенг майдон. Унинг боши ҳам, охири ҳам, ўртаси ҳам, меъёри ҳам йўқ. Уни жиловлаш мумкин, бироқ бу жиловлаш, тўсиш, ғов бўлиш ортидан бўлмайди. Бугун эса Ўзбекистонда YouTube халқаро медиа портали ва Facebook ижтимоий тармоғи тўсиб қўйилган. 3 ойдан зиёд вақт ўтдики, бунга расмий изоҳ берилмаяпти. Аксинча, айрим мутасаддиларнинг ўзи VPN’га бўлган талаб ортишига четдан томошабин бўлиб турибди, йўл кўрсатяпти. Чунки бугунги давр одамларини шунчаки чеклаш билан бирор тармоққа уланишдан қайтариб бўлмайди.
 
Масаланинг бир учи бошқа тарафга бориб тақалади. Ўзбекистонда VPN’ни билмаганлар қолмаяпти. Бу эса YouTube ва Facebook’дан кўра бир неча баробар хавфлироқ. Боиси яна мамлакатга бўҳтон ва туҳмат тошларини ёғдирадиган интернет-сайтларининг куни туғади, беҳаёликни, ақидапарастликни тарғиб қилувчи, терроризм ва экстремизм нафаси келиб турган интернет-сайтларга кириш осон бўлиб қолади. Хўш, бундан кимга фойда? Бир нарсани чеклаш ортидан иккинчи хавлироқ йўлга қадам олмаяпмизми? Одамлар кун сайин VPN’нинг имкониятларини тушуниб боряпти. Куни келиб YouTube ва Facebook очиб юборилган тақдирда ҳам бошқа чекланган тармоқлардан фойдаланишда VPN айни муддао бўлади. Хўш, йўқотишларимиз олдида топадиганларимиз арзийдими?
 
VPN бизга қандай зарар келтиради?
 
– VPN хориждаги эгаси номаълум бўлган шахс ва гуруҳлар томонидан бошқарилади. Бундан кўриниб турибдики, биз ўзимизга оид маълумотлар, ёзишмалар, контактларни қўш-қўллаб уларга топширамиз. Бу маълумотлар билан жамиятда исталган ўйинни ўйнаш мумкин.
 
– VPN  текин эмас, Ўзбекистоннинг реал валютаси чет элга оқиб кетяпти.
 
– VPN орқали порнографик сайтларга кириш чекланмаган. Бу эса болаларимиз тарбиясига чанг солаётган энг катта хавф.
 
Ўзбекистонда YouTube ва Facebook’га расмий ташкилотлар томонидан тақиқ ўрнатилган дейишимизга асос бор. Улар бундан хабардор!
 
“Ўзбектелеком”нинг савдо ва хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Алишер Зуфаров бу ҳақда шундай деган эди: 
 
“Ўзбектелеком” комапанияси Facebook ижтимоий тармоғи ва YouTube видеохостингига кира олмасликни бартараф қилиш бўйича қаттиқ шуғулланяпти.
 
Натижа бўлиши биланоқ, ҳаммага маълум киламиз. Бу масалани ҳал қилишимизга ҳеч ким шубҳа қилмаяпти. Фақат бироз вақт талаб қилинади”, деган эди.
 
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олимжон Умаров эса бу масалага қуйидагича муносабат билдирганди:
 
“Биз бу масалани яқин вақтларда ечиш учун миллий оператор ва бошқа идоралар билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз. Мен ўзим, тўғрисини айтсам, бу масала ҳал бўлишини кутяпман, негаки, VPN’дан фойдаланиш баъзида ноқулайлик туғдиради”.
 
Мен сизга айтсам, Facebook ва YouTube’нинг чеклаб қўйилиши вақти-вақти билан бошқа мамлакатларда ҳам содир бўлиб туради. Масалан, Туркияда. Бундай вазиятда Facebook ва YouTube маъмурияти мамлакат ҳукумати билан келишади, фаолиятини тартибга солади. Чунки Туркия бозоридаги 55 миллион фойдаланувчини йўқотиш Facebook ва YouTube учун катта жудолик, бироқ Ўзбекистон бозоридаги 4-5 миллион учун улар муросага келармикин?
 
Интернет, YouTube ва Facebook шунчаки кўнгилхушлик эмас, жуда кўп нарса дегани. Бугун давлатларнинг қанчалик ривожлангани, инновация, илм-фан ва технология, ахборот ва коммуникациялар соҳасига бўлган эътибори айнан шулар билан ўлчанмоқда. Қолаверса, туризм ҳам шунчаки ривожлантиришиз керак, деган гап билан ривожланиб қолмайди. Келаётган сайёҳга шароит яратилмаса, улар истаган жойида яқинлари билан алоқага чиқолмаса, суратга тушиб интернетга, Fecebook’га жойлаштира олмаса, Ўзбекистонга келадими?
 
Махатма Гандининг шундай сўзлари бор: 
 
“Агар ойнани ёпиб қўйсам, ҳаво кирмайди. Ойнани очсам, ҳаво билан биргаликда зарарли бактериялар ҳам кириши мумкин. Лекин ҳаводан мосуво қолмаслик учун, ойнани очишга мажбурман”.
 
Бугунги даврда юқоридаги ойна сўзи ўрнида, интернет, YouTube ва Facebook сўзларини бемалол қўллаш мумкин. Биз улардан келадиган хавфдан қўрқяпмизми? Тамом! VPN билан янги хавфга йўл очмайлик, уни Ҳукумат даражасида тарғиб ҳам қилмайлик. Ўрнига ўзимизникини яратайлик, аммо ўзимизникини яратиш учун ҳам аввал интернетни учириб қўйиш керак!


Мақола муаллифи

Теглар

VPN Facebook

Баҳолаганлар

363

Рейтинг

4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made