Возинянинг янги клубдаги тақдимотига 30 мингдан ортиқ мухлис йиғилди

Спорт

image

Чилининг “Коло-Коло” клуби янги дарвозабони Возиняни тантанали равишда таништирди. Сантьягодаги “Монументал” стадионида бўлиб ўтган тақдимот маросимига 30 мингдан ортиқ мухлис ташриф буюрди. Бу ҳақда NTN24 телеканали хабар берди.

Жорий йилнинг 4 август куни Кабо-Верде терма жамоаси дарвозабони “Коло-Коло” билан шартнома имзолаган эди.

Чили чемпионати қоидаларига кўра, футболчи ўзининг расмий исми – Жозимар Жозе Эвора Диаш номи билан майдонга тушиши керак эди. Бироқ, ESPN маълумотига кўра, унга “Возиня” тахаллуси билан ўйнашга рухсат берилган.

Маълумот учун, 40 ёшли дарвозабон 2026 йилги Жаҳон чемпионатида Кабо-Верде терма жамоаси сафидаги муваффақиятли ўйини билан катта шуҳрат қозонди. У гуруҳ босқичининг биринчи турида Испанияга қарши баҳсда юқори савияда ҳаракат қилиб, ижтимоий тармоқларда катта машҳурликка эришди.

Жаҳон чемпионати бошланишида унинг ижтимоий тармоқлардаги обуначилари сони 50 минг атрофида бўлган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 29,5 миллионга етган. Шу тариқа, Возиня дарвозабонлар орасида энг кўп кузатувчига эга футболчига айланди ҳамда турнирнинг энг машҳур иштирокчиларидан бири бўлди.

Возиня сўнгги икки мавсумда Португалия иккинчи дивизионидаги “Шавеш” клуби шарафини ҳимоя қилди. Шунингдек, у фаолияти давомида Португалиянинг “Жил Висенте”, Молдованинг “Зимбру”, Кипрнинг AEL ва Словакиянинг “Тренчин” клубларида ҳам тўп сурган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг