Волгограддаги террорчиликдан сўнг Тожикистон ИИВ раҳбари россиялик мавқедошига сим қоқди
Олам
−
24 Август
12047Россиянинг Волгоград вилоятидаги жазони ижро этиш муассасасида маҳбуслар томонидан содир қилинган террорчилик ишларидан сўнг Тожикистон Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода Россия Ички ишлар вазири Владимир Колоколцев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Тожикистон Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Улар колонияда рўй берган воқеадан сўнг биргаликда қидирув тадбирлари ўтказиш ва террорчилик ташкилотининг бошқа аъзоларини аниқлашга келишиб олди.
“Суҳбат чоғида томонлар ушбу жиноятни содир этган террорчилик ташкилотининг бошқа аъзоларини аниқлаш ва қўлга олиш бўйича зудлик билан зарур чораларни кўриш ҳамда биргаликда тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишга келишиб олди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Президент Имомали Раҳмон Тожикистон Ички ишлар вазирига телефон орқали мулоқот ўтказиш бўйича кўрсатма берган. Суҳбатнинг бошқа тафсилотлари келтирилмаган.
Кеча, 23 август куни Россия Федерал Жазони ижро этиш хизматининг Волгоград вилоятидаги 19-колониясида интизомий комиссия йиғилишида қамоқхона ходимларини гаровга олган 4 нафар маҳкум махсус кучлар томонидан йўқ қилинди.
Бунгача босқинчилар вертолёт ва икки миллион доллар талаб қилган. Агар улар таъқиб қилинса, гаровга олинганларни ўлдириш билан таҳдид қилган.
Маълумот учун, мазкур ҳолат юзасидан Россия Жиноят кодексининг 206-моддаси (гаровга олиш) 4-қисми ҳамда 321-моддаси (Жамиятдан изоляцияни таъминловчи институтлар фаолиятидаги тартибсизлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Вилоят прокуратураси томонидан қамоқхонада хавфсизлик ва колония режимига риоя этилиши юзасидан текширув ўтказилади. Вазият ҳақида Россия Президенти Владимир Путинга хабар берилган.
LiveБарчаси