Виндзор қасрида қўлга олинган йигит Елизавета II ни ўлдирмоқчи бўлгани айтилди
Олам
−
27 Декабрь 2021
5209Аввалроқ, Буюк Британияда полиция қиролича Елизавета II ва унинг оиласи Рождество байрамини нишонлаётган Виндзор қасри ҳудудига кирган қуролли йигитни қўлга олгани ҳақида хабар бергандик.
Сўнгги маълумотларга кўра, йигит қўлга олинишидан олдин дўстларига қўлида арбалет билан видео жўнатиб, Британия мустамлакачи қўшинлари томонидан 1919 йилда Ҳиндистонда содир этилган Амритсар қирғини учун қасос олиш мақсадида “қиролича Елизавета II ни ўлдириш” ниятини эълон қилган. Бу ҳақда “The Sun” газетаси хабар берган.
Таъкидланишича, қўлга олинган шахснинг руҳий ҳолати текширилгандан сўнг у тиббиёт ходимлари қарамоғига ўтказилган.
Газетанинг ёзишича, полиция гумонланувчини қўлга олишидан 24 дақиқа олдин у ўзининг Snapchat’даги аккаунтидан дўстларига ниқоб таққан, қўлида арбалет ушлаган ҳолда видео жўнатган. У видеода овозини ўзгартирган ҳолда гапирган:
“Афсус. Мен қилган ва қилмоқчи бўлган ишларим учун кечирим сўрайман. Мен қиролича Елизаветани ўлдиришга ҳаракат қиламан”, деган у.
Видеода у шунингдек, ўз ҳаракати 1919 йилда Амритсар қирғини пайтида ҳалок бўлганлар учун қасос эканини таъкидлаган.
“Бу ирқ асосида ўлдирилган, хўрланган ва эзилганлар учун ҳам қасосдир. Мени Жасвант Синг Чали дейишади, менинг исмим Дарт Жонс”, деган у.
LiveБарчаси