Расман: Ўзбекистонда коронавирусга қарши чоралар кучайтирилди
Жамият
−
22 Март 2020
18321Ўзбекистонда коронавирус инфекциясининг оммавий тарқалишининг олдини олиш мақсадида жорий йилнинг 23 мартидан эътиборан бир қатор чекловлар ўрнатилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси томонидан қабул қилинган қарорда айтилган.
Мамлакат ҳудудида беморлар ёки касалликка шубҳа қилинган шахсларни ўз вақтида аниқлаш ва мамлакат бўйлаб касаллик тарқалишини олдини олиш, шунингдек, мажлисда кўрилган бошқа масалалар юзасидан республика махсус комиссиясининг қарори қабул қилинди.
Қарор билан бир қатор чекловлар ўрнатилиб, муайян чоралар кўрилмоқда.
23 март куни соат 00:01 дан бошлаб республика чегара ҳудудларидаги мавжуд чегара ўтказиш пунктлари барча шахслар учун (Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетаётган бошқа мамлакат фуқароларидан ташқари) ёпилади.
23 мартдан бошлаб Тошкент шаҳридаги барча корхона ва муассасаларга (мулкчилик шаклидан катъи назар) асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда ишчи ва ходимларни қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқариш, қолган ишчиларнинг фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (онлайн ёки дистанцион тарзда) ташкил этилади.
Ходим ва ишчилар ўз иш жойида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)да бўлиши талаб этилади, шунингдек карантин чораларини бузганларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий чоралар қўлланилади.
23 мартдан Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида, жамоат жойларида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)сиз бўлган шахсларга “огоҳлантириш” берилади.
25 март куни соат 6:00 дан бошлаб ушбу ҳолат қайд этилса – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида, мазкур ҳолат яна қайтариладиган бўлса – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари миқдорида жарима қўлланилади.
Тиббий ҳимоя воситалари, хусусан, ниқобларнинг танқислигини сунъий вужудга келтириб, нархини оширган “тадбиркор”ларга қатъий чоралар кўрилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда ушбу вирусни юқтириб олганлар 42 нафарга етди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor