Вилоят ҳокими ўринбосарлари вилоятнинг инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи ҳисобланади
Жамият
−
24 Май 2019
5681Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 23 май куни “Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни қабул қилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" каналида маълум қилинди.
Қарорда таъкидланишича, фойдаланилмаётган объектлардан самарали фойдаланиш, шунингдек бўш турган ва қурилиши тугалланмаган объектларнинг ишлаб чиқариш фаолиятини тиклашга қаратилган инвестиция лойиҳалари (“йўл хариталари”)ни ишлаб чиқиш бўйича идоралараро комиссиясининг ишчи органи функциялари Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги зиммасига юклатилди.
Вазирликка қўшимча равишда 70 та бошқарув ходимлари штат бирлиги, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаларига 5 тадан штат бирликлари ажратилди.
Қарорга мувофиқ, қуйидаги лавозимлар жорий этилди:
• ҳоким ўринбосари – вилоятлар ва Тошкент шаҳар инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи;
• ҳоким ўринбосари – туман (шаҳар) инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи.
Қарор билан айрим вилоят, шаҳар, туман ҳокимликларидаги бир қатор лавозимлар, жумладан, Бухоро, Самарқанд, Тошкент ва Хоразм вилоятлари ҳокимликларидаги ҳокимнинг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими тугатилди.
Вилоятларда, туманларда (шаҳарларда) кичик саноат зоналарини ҳамда Тошкент шаҳрида саноатни ривожлантириш борасидаги вазифалар ҳокимнинг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича тегишли биринчи ўринбосари зиммасига юкланди.
Шунингдек, қарор билан Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш маркази ташкил этилиб, унинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгиланди.
Марказ директори Ҳукумат томонидан тайинланади ҳамда у моддий таъминот, ижтимоий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартлари бўйича вазир ўринбосарига тенглаштирилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь