Вильнюсдаги НАТО саммитини Польшадан келган махсус кучлар қўриқлайди
Олам
−
30 Июнь 2023
3726Литва пойтахти Вильнюсда жорий йилнинг 11-12 июль кунлари бўлиб ўтадиган Шимолий Атлантика альянси саммитини Польшадан келган махсус кучлар қўриқлайди. Келгуси ҳафта улар потенциал заиф ҳудудда машқлар ўтказади. Бу ҳақда Польша Миллий хавфсизлик бюроси хабар берди.
Қайд этилишича, Польша НАТО саммитини ҳимоя қилиш учун Литвага махсус кучлар контингентини юборади.
“Мазкур қарор Президент Анжей Дуда, Бош вазир ва Миллий Мудофаа вазири томонидан келишилган. Шунингдек, у Польша ва Литва Президентлари ўртасида кенгроқ ҳарбий ҳамкорлик бўйича келишувлар натижасидир”, дейди Польша Миллий хавфсизлик бюроси раҳбари Яцек Севьера.
Севьеранинг сўзларига кўра, Польша ҳарбий контингенти вазифаларни ҳаво юклари, вертолётлар ва учувчисиз қурилмалардан фойдаланган ҳолда бажаради.
“Кейинги ҳафтада у бир қатор машқларни бажариш орқали Сувалки ва бошқа муҳим инфратузилмаларда машғулотларни бошлайди”, деган Севьера.
Маълумот учун, Сувалки Болтиқбўйи мамлакатларини Польша ва НАТОнинг қолган мамлакатлари билан боғлайдиган, шунингдек, Россиянинг Калининград вилояти ва Белорусни ажратиб турадиган ҳудуд. АҚШ ҳарбийларига кўра, бу минтақа Европадаги потенциал заиф зона ҳисобланади.