Ҳабиб Тошкентда жанг қилишга тайёр. Бироқ, бир муаммо бор...
Спорт
−
23 Ноябрь 2019
16055UFC чемпиони Ҳабиб Нурмуҳамедов Ўзбекистонда ММА`ни ривожлантириш учун ёрдам беришга тайёр. Бу ҳақда у Тошкентда GFC-20 мусобақаси олдидан ўтказилган Матбуот анжуманида айтиб ўтди.
Анжуманда Ўзбекистон аралаш жанг санъатлари ассоциацияси президенти Отабек Умаров, турнирнинг фахрий меҳмони сифатида Ўзбекистонга ташриф буюрган UFC чемпиони Ҳабиб Нурмуҳамедов, унинг отаси ҳамда устози Абдулманап Нурмуҳамедов ва бошқалар иштирок этишди.
“Ўзбекистонда ММА`ни ривожлантириш учун қўлимдан келганча ёрдам беришга тайёрман. Шу спорт турида анчадан бери фаолият юритаман ва маълум даражада обрў қозонганман. Агарда кимгадир кўмак керак бўлса, бунга доим тайёрман”, деди спортчи.
Шунингдек, Ҳабиб Нурмуҳамедов GFC-20 мусобақаси ўзбек спортчилари учун трамплин вазифасини бажариб беришини алоҳида таъкидлаб ўтди.
“Бу турнирнинг Ўзбекистонда ўтказилиши ўзбек спортчилари учун трамплин вазифасини бажариб беради. 4-5 йил ичида ўзбек аралаш жанг санъати спортчилари UFC`нинг марказий жангларида ўзларини кўрсатишади”, деб ишонч билдирди спортчи.
Нурмуҳамедов Ўзбекистонда жанг қилишга ҳам тайёр эканини билдириб, бунинг учун UFC билан келишиш кераклигини таъкидлади.
“Ўзбекистонда жанг қилишга қарши эмасман. “Ҳумо Арена” UFC жангларини ўтказиш учун мос келади. Агар Ўзбекистон ММА федерацияси UFC билан келиша олса, мен бажонидил бу ерда жанг қилган бўлардим”, деди Ҳабиб.
Эслатиб ўтамиз, Ҳабиб Нурмуҳамедовнинг кейинги жанги 2020 йилнинг биринчи чорагида бўлиши тахмин қилиняпти. Унга Тони Фергюсон рақиблик қилиши кутиляпти.
LiveБарчаси