Ғарб ҳақиқатни тан олишга мажбур бўлди. Энди Фаластиннинг Исроилдан кам жойи йўқ
Таҳлил
−
23 Сентябрь 15456 9 дақиқа
24 соат ичида Фаластинни 10 та давлат тан олди. Уларнинг 3 таси G7 клуби аъзоси экани Фаластин тарихида катта бурилиш нуқтаси бўлди. Рўйхатдан жуда кучлилар ўрин олган. 21 сентябрь куни Буюк Британия, Канада, Австралия ва Португалия, 22 сентябрда Франция, Бельгия, Андорра, Люксембург, Мальта ва Сан-Марино каби давлатлар 80 йиллик адолатсизликка ўзлари учун чек қўйди. Шу тариқа Фаластинни тан олганлар сони бир зумда 147 тадан 157 тагача ошди. Энди у дунё томонидан тан олиниш борасида Исроилдан унчалик қолишмайди. Салкам тенг. Чунки яҳудий давлати 163 давлат томонидан тан олинган. Айни дамда улар орасидаги фарқ бор-йўғи 6 та. Ҳа, Исроилнинг Ғазодаги қирғини бошланмасидан олдин бу фарқ жуда катта эди. Аммо тез орада гўдакларнинг "қотилларини" унчалик хушламайдиган тарихий қарорлар қабул қила бошланди. Биринчилардан бўлиб Испания, Ирландия ва Норвегия шундай қадам ташлашди. Шу йили яна 6 та давлат: Барбадос, Ямайка, Тринидад ва Тобаго, Багама ороллари, Словения ва Арманистон ҳам Фаластинни тан олди. Орадан бир йил ўтиб эса мана Саудия ва Франция томонидан ташкиллаштирилган конференция доирасида бу тенденция давом этмоқда.
Хатосини тўғирлаган Британия
Яна бир аҳамиятга молик жиҳати шуки, Фаластинга қилинган 80 йиллик адолатсиз муносабатларнинг асосий сабабчиси бўлган Буюк Британиянинг ўзи биринчилардан бўлиб Францияга эргашди. Бу ишларнинг ортида 1990 йилларгача Лондон, ундан кейин эса бугунгача Вашингтон муҳим роль ўйнади. Можаронинг бош илдизи Усмонли империясининг қулашига бориб тақалади. Биринчи жаҳон урушидан сўнг Усмонлилар қулади ва унинг ерлари мазкур урушда ғолиб бўлган коалиция томонидан бўлиб олинди. Ушбу воқеадан бироз олдинроқ эса Британия ташқи ишлар вазирлиги “Бальфур декларацияси”га кўра, Фаластин ҳудудида яҳудийлар учун миллий макон яратишни қўллаб-қувватлашини эълон қилди. Ўшанда Лондон Фаластиннинг араб аҳолиси ҳуқуқларини ҳам ҳимоя қилиши керак эди, аммо ҳеч қачон бундай бўлмади. 1920-1940 йилларда Британия ўзини фаластинликларни тинчлантириш учун яҳудийларнинг иммиграциясини чеклашга урингандек кўрсатарди. Аммо Европадан қувилганларнинг оқими ҳеч қачон тўхтамаган.
1947 йилга келиб эса на ўтмиш на келажак кечира оладиган қинғирликлар бошланди. Тузилганига эндигина бир неча йил бўлган БМТ 181-сонли резолюцияни қабул қилиб, Фаластин устида Британия мандати тугатилишини эълон қилди. Ушбу қарорга мувофиқ, Фаластин ҳудудида иккита мустақил давлат – яҳудий ва араб давлати тузилиши керак эди. Ўша пайтда ҳудуддаги аҳолининг қарийб 65 фоизини араблар, 30 фоизини эса яҳудийлар яна 5 фоизини бошқа миллатлар ташкил этар эди. Бироқ араблар кўп бўлишига қарамай уларга ҳудуднинг 42 фоизи, яҳудийларга эса 56 фоизи нотенг тарзда ажратиб берилди. Ҳудуднинг 2 фоизини ташкил этувчи ва 3 дин учун муқаддас бўлган Қуддусга эса алоҳида халқаро мақом берилди. Кўп ўтмай, 1948 йилнинг май ойида Исроил давлати тузилди. 1949 йилда у дунёнинг аксарият мамлакатлари томонидан тан олинди ва БМТга қўшилиб, ташкилотнинг 59-аъзосига айланди. Фаластиннинг ташкилотга киришига эса очиқдан очиқ тўсқинлик қилинди ва бу ҳолат бугунгача давом этмоқда. Бир неча бор ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиш учун берилган аризалар, уни қабул қилишга розилик берган резолюцияларнинг барчаси АҚШнинг ветосига учради. Етмаганига Исроил ташкил этилганидан сўнг Араб-Исроил урушлари оқибатида яҳудий давлати ўз ҳудудини кенгайтириб, БМТнинг ўша 181-сонли резолюциясида фаластинликларга ажратилган деярли барча ерларни эгаллаб олди ва яна қайтараман, бу жараён ҳали ҳануз давом этмоқда.
АҚШ иложи борича қаршилик қилмоқда
Фаластин узоқ вақт давомида АҚШ "каромати" билан сиёсий институтлар ва умумий эътироф этилган раҳбариятсиз яшаб келди. 1964 йилга келибгина Фаластин озодлик ташкилоти тузилди ва у фаластинликларнинг манфаатларини ифодаловчи асосий сиёсий тузилмага айланди. 1974 йилда ташкилот Исроилни тан олиш имкониятини кўзда тутувчи дастур қабул қилди. Ўша йили у араб мамлакатлари томонидан, кейинчалик эса БМТ томонидан Фаластин халқининг ягона қонуний вакили сифатида тан олинди. ФОТ (Фаластин озодлик ташкилоти) БМТда давлат мақомига эга бўлмаган субъект сифатида кузатувчи ҳуқуқини олди.
1988 йилнинг ноябрида фаластинликлар Шарқий Қуддусни пойтахт қилиб, Фаластин давлатининг ташкил этилганини эълон қилди. Бу қарор рамзий характерга эга эди, чунки ФОТ ҳеч қандай ҳудудни назорат қилмасди. Шунга қарамай, 80 дан ортиқ давлат Фаластинни давлат сифатида тан олганини билдирди. Биринчи бўлиб 1988 йил 15 ноябрда Жазоир уни тан олган илк давлат сифатида тарихга кирди. Шундан сўнг, тез орада барча Араб давлатлари, 30 дан ортиқ Африка мамлакатлари, Осиё давлатлари, кўплаб социалистик мамлакатлар ҳамда 1992–2000 йилларда Совет Иттифоқидан ажралган мамлакатлар, хусусан, Ўзбекистон ҳам уни тан олди. 1994 йил 25 сентябрда Ўзбекистон ва Фаластин ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди. Расмий Тошкент ўша кезларда Исроил билан ҳам жуда яхши алоқалар олиб борар, Нетаньяху ва Ислом Каримов ўртасида ҳатто учрашув ҳам ташкил қилинган.
XXI асрнинг дастлабки декадасида Фаластинни тан олиш навбати Лотин Америкаси давлатларига етиб келди. Венесуэла, Аргентина, Боливия, Бразилия ва Чили кабилар Яқин Шарқдаги адолатни тиклайдиган қарорга қўшилди. Шундан сўнг, бемалол БМТ’га аъзолик учун ҳаракат қилиш имкони пайдо бўлди ва 2011 йилда Фаластин БМТ’га тўлақонли аъзо бўлиш учун ариза топширди. Бироқ БМТ Хавфсизлик Кенгашида етарли қўлловга эриша олмади, чунки у ерда дунё хавфсизлиги ва тинчлигини таъминлаши керак бўлган 5 та аъзо ичида бу ишни мутлақо тескарисини қилиб келган ва бу ишни ҳозиргача давом эттираётган АҚШ бор эди. Вашингтон эса кутилганидек, ушбу резолюцияга вето қўйишини билдирди.
2024 йил апрелида Хавфсизлик Кенгаши ушбу масалани яна кун тартибига қайтарди, аммо АҚШ яна ўзида мавжуд вето ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда уни блоклади. Маълумот ўрнида шуни ҳам эслаб ўтиш жоиз, 2012 йил 29 ноябрда эса БМТ Бош Ассамблеяси Фаластинни ташкилотга кузатувчи давлат мақоми бериш бўйича резолюция ишлаб чиқди. Уни 138 мамлакат қўллаб-қувватлади, 41 мамлакат бетараф қолди, 9 мамлакат, жумладан, АҚШ ва Исроил қаршилик қилди. Аммо бу пайтга келиб Фаластинда ўзини ўзи бошқариш органлари шаклланди ва Рамаллоҳни вақтинчалик пойтахт қилган Фаластин Миллий маъмурияти тузилди. 2013 йилнинг январидан бошлаб расмий ҳужжатларда Фаластин давлати номи ишлатила бошланди. Фаластин Миллий маъмурияти раҳбари эса Фаластин давлати Президенти деб аталди. 2004 йилда Ёсир Арофат вафотидан сўнг ҳозирда бу лавозимни Маҳмуд Аббос эгаллаб турибди. Аммо у Фаластин тарихидаги энг заиф ва имкониятлари кескин чекланиб қолган раҳбар ҳисобланади.
Бугунги кунда ҳам Вашингтон Фаластин халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли субъекти бўлмаслиги учун қўлидан келган барча имкониятларни ишга солмоқда. Ҳокимият тепасида ультраисроилпараст Трампнинг тургани ҳам бунга ўз таъсирини ўтказяпти. Охирги марта Байден даврида АҚШга ташриф буюрган ва Нью-Йоркда, БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлаган Фаластин Президенти Маҳмуд Аббосга бу сафар АҚШ визаси ҳам берилмади. У ўз чиқишларини онлайн форматда олиб бормоқда. Яҳудий лоббиси ва Тель-Авивдаги вазирлар бўлса Макронга кучли босим ўтказяпти. Чунки тан олиш керак, бу қандай мақсадда амалга оширилаётганидан қатъи назар, Фаластиннинг бундай кенг миқёсда тан олинишида Елисей саройининг ўрни беназир. Ҳа, Эммануэль Макрон ва Саудлар оиласи бу иши учун тарихда бўрттирилган, қалин ёзувлар билан эсланишга ҳақли. Улар қудратли Вашингтонга қарши ўзига хос кампания олиб бормоқда. Улар бу ишни миллий манфаатлар юзасидан қиляпти-ми, ёки бу адолат нуқтаи назариданми фарқи йўқ. Объектив олиб қаралганда, Франция ва Саудия Арабистонининг саъй-ҳаракатлари натижасида 24 соат ичида 10 та давлат Фаластинни тан олди.
Шу ўринда юқорида таъкидланган Исроил ва Фаластинни тан олиш даражаси деярли тенглашгани ҳақида айтилган гапга қайтсак. Энди Фаластинни ҳам қудратли давлатларнинг деярли барчаси тан олиб бўлди деб бемалол айтиш мумкин. Кимдир АҚШ ва бошқа G7 давлатлари тан олмади-ку дейиши мумкин, аммо Хитой, Европа етакчиси Франция, Буюк Британия, Канада ва кучли монархиялар. Булaр қудратли давлатлар эмас-ми? Шунинг ўзи етарли эмас-ми? Боз устига Исроилда ҳам қатор гигант давлатлар уни тан олмаслиги бўйича жиддий муаммо бор. Эрон, Саудия Арабистони ва Қатар каби бири ҳарбий жиҳатдан қудратли, бири бўлса иқтисодий томондан бой ҳамда таъсир доираси жуда кенг бўлган мамлакатлар тан олмаган. Шу боис, бу борада эндиликда Исроил ва Фаластиннинг даражаси тенг деб бемалол, ҳеч қандай иккиланишларсиз айтиш мумкин.
Франция АҚШ ва Исроилни карахт қилди
Энди БМТ Бош Ассамблеясининг асосий жараёнидан бироз аввал бўлиб ўтган Фаластин бўйича конференциясида қандай воқеалар содир бўлганига тўхталсак. Франция Президенти Эммануэль Макрон 22 сентябрь куни Нью-Йоркда БМТ штаб-квартирасдаги нутқида Фаластинни расман давлат сифатида тан олганини эълон қилди. Шунингдек, у ҲАМАС қўлида сақланаётган 48 нафар гаровдагилларни озод қилиш, Ғазодаги уруш ва бомбардимонларни, оммавий қирғинлар ҳамда аҳолининг мажбурий кўчирилишини тўхтатиш вақти келганини ҳам таъкидлади. Макрон АҚШ ва Исроилни карахт аҳволга соладиган қарорлар қабул қилиш арафасида турибди. Франция етакчиси Фаластин хавфсизлигини таъминлаш учун Европа билан бирга ҳаракат қилиши ва у учун хавфсизлик кучлари тузиш ҳамда уни ҳар томонлама таъминлашга ваъда берди. Буниси энди умуман кутилмаган янгилик бўлди. Макроннинг ушбу гапидан сўнг, Вашингтон ва Тел-Авивдаги авзойи қандай эканини тасаввур қилиш қийин эмас.
Ўз ўрнида Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фарҳон Ол Сауд бошқа мамлакатларни ҳам Фаластинни тан олишдек тарихий қадам ташлашга чақирди. АҚШга БМТ “гўрга тиққандай” нутқ қилиш учун борган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған эса ушбу конференция доирасидаги чиқишида Ғазодаги ҳаракатлари учун Исроилни қоралай бошлаган пайтда унинг микрофони ўчириб қўйилди. У “Фаластин муаммосига ечим топиш ва икки давлат ечимини амалга ошириш” мавзусидаги юқори даражадаги халқаро конференциясида нутқ қилаётган маҳал, 4-дақиқа 48-сонияда микрофон узилиб қолди. Президент овози ёзиб олинмаётганидан бехабар ҳолатда яна бир дақиқа атрофида гапирди. Ушбу ҳолат юзасидан, Туркия Алоқа бошқармаси муносабат билдирди ва давлат ҳамда ҳукумат раҳбарларининг нутқи учун 5 дақиқа, бошқа маърузачиларга эса 3 дақиқа вақт ажратилганини айтди ва бешинчи дақиқанинг охирида микрофон автоматик тарзда ўчирилганини билдирди. Аммо нутқ мазмунига эътибор берилса, Эрдўған Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини геноцид деб атай бошлаганда унинг микрофони дарҳол ўчирилди ва энг қизиғи унда яна 12 сония бор эди.
Live
Барчаси