Венесуэла АҚШни мамлакатда давлат тўнтаришига тайёргарлик кўраётганликда айблади
Олам
−
15 Сентябрь
3557Венесуэлада давлат тўнтаришига уринишда айбланиб, кеча, 14 сентябрь куни олти нафар хориж фуқароси ҳибсга олинди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
Венесуэла расмийлари АҚШ ҳукумати мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштиришда иштирок этганига ишонч билдирган. Ҳибсга олинганлар орасида АҚШнинг уч фуқароси, икки нафар Испания фуқаролиги ва бир нафар Чехия фуқароси бор. Венесуэла ички ишлар вазири Диосдадо Кабеллога кўра, хорижликлар гўёки мамлакат раҳбари Николас Мадуро ва унинг ҳукуматига қарши “зўравонлик ҳаракатлари” тайёрлаган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари гумонланувчилардан Америкада ишлаб чиқарилган 400 дан ортиқ милтиқларни олиб қўйган.
“Биз биламизки, АҚШ ҳукумати бу ишга алоқадор”, деган вазир Кабелло.
Вазир, шунингдек, тўнтаришни режалаштиришда Америка ва Испания разведка хизматлари, шунингдек, Венесуэла мухолифати иштирок этганини ҳам таъкидлади.
АҚШ Давлат департаменти вакили Венесуэла расмийларининг барча айбловларини рад этиб, уларнинг мутлақо ёлғон эканини билдирган. Шу билан бирга, Америка томони Венесуэлада америкалик ҳарбий хизматчининг ҳибсга олинганини тасдиқлаган. Аммо қолган яна икки америкаликнинг ҳибсга олиниши бўйича ҳеч нарса айтилмаган.
Каракас ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар июль ойи охирида бўлиб ўтган Венесуэладаги президентлик сайловларидан кейин кескинлашган. Халқаро танқидлар ва мухолифатнинг овозларни сохталаштиришда айблашига қарамай, Николас Мадуро ғолиб деб эълон қилинди. Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи Мадуронинг қонунийлигини тан олишдан бош тортди ва мамлакатда сайловларнинг ҳақиқий натижаларини эълон қилишни талаб қилиб, оммавий норозилик намойишлари бошланди.
Ушбу намойишлар оқибатида камида 27 киши ҳалок бўлган, яна 192 киши жароҳатланган. 2400 га яқин одам ҳибсга олинган. Ғарб давлатлари сайловда ғалаба қозонишига ишонган мухолифат номзоди Эдмундо Гонсалес Венесуэладан Испанияга қочишга мажбур бўлди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Венесуэла Президенти Николас Мадуро АҚШни мамлакат ички ишларига аралашмасликка чақирганди. Мадуро, шунингдек, АҚШни Гаити ва Эквадордаги сценарийни Венесуэлада такрорлашга уринаётганликда айблаганди.
LiveБарчаси