Вазиятни жиловлашнинг ягона йўли – қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш – Мирзиёев
Жамият
−
09 Ноябрь 2023
7346Дунёдаги зиддиятлар, савдодаги чекловлар ҳамда асосий ҳамкор давлатлардаги девальвация йил бошида белгилаб олинган режаларни ўзгартириб юборди, бу, айниқса, озиқ-овқат ва тўқимачилик экспортига салбий таъсир қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини янада такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги тармоқларида келгуси йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида айтилди.
Президентнинг қайд этишича, вазиятни жиловлашнинг ягона йўли – қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни кескин ошириш ҳисобига таннархни камайтириш, чуқур қайта ишлашга ва қўшилган қиймат яратишга кўпроқ инвестиция жалб қилиш орқали экспортни кўпайтириш ҳисобланади.
Бунинг учун қишлоқ хўжалиги, бутун иқтисодий комплекс соҳани қўллаб-қувватлаш бўйича янгича ёндашувларни, ташкилий ва молиявий инструментларни жорий қилиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда пахта-тўқимачилик кластерлари фаолияти кўриб чиқилди. Бу йил 41 та кластерда ҳосилдорлик 40 центнердан ошган бўлса, 9 тасида 30 центнердан камлиги кўрсатиб ўтилди.
Ҳосилдорлик пастлиги ва таннарх юқорилиги ҳисобига Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида рентабеллик 10-11 фоиздан ошмаяпти.
Шу боис, келгуси йилдан пахта уруғчилиги бўйича янгича ёндашувлар жорий қилинади.
Келгуси йили балл бонитети паст, сув оғир бўлган ва ҳосилдорлиги 30 центнердан ошмайдиган ҳар бир вилоятдаги 1 тадан туманда 70-80 центнердан юқори ҳосил берадиган пахта уруғини четдан олиб келишга рухсат этилади.
Шу билан бирга, 30 центнердан паст ҳосил бераётган навларни экиш тўхтатилиб, улар уруғчилик институтлари томонидан ишлаб чиқилган янги серҳосил навлар билан алмаштирилади.
Қишлоқ хўжалиги вазири ва вилоят ҳокимларига бу бўйича тегишли топшириқлар берилди.
LiveБарчаси