Вазият кескинлашяпти. Озарбайжондаги қишлоқ ўққа тутилди
Олам
−
14 Июль 2020
25422Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Арманистон ҳарбийлари Товуз туманидаги Дондар Қушчу қишлоғини йирик калибрли қурол ва артиллериядан ўққа тутганини маълум қилди.
“Арманистон Қуролли кучлари бўлинмаси Товуз туманидаги Дондар Қушчу қишлоғини йирик калибрли қурол ва артиллерия қурилмасидан ўққа тутди. Қишлоқ аҳолиси жабрланмади”, деган Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Матбуот котиби, полковник Вагиф Даргяхли.
Озарбайжон ҳам жим тургани йўқ. Мамлакат Мудофаа вазирлиги расмий сайтида Арманистон ҳарбий объектлари йўқ қилингани акс этган видеони эълон қилди.
Ваҳоланки, бир кун аввал Арманистон Мудофаа вазирлиги чегарада вазият нисбатан барқарор эканини айтганди.
Эслатиб ўтамиз, 12 июль куни Озарбайжон ва Арманистон чегарасидаги товуз туманида қуролли тўқнашув юз берди.
Озайрбайжон Мудофаа вазирлиги чегарадаги позициялари Арманистон кучлари томонидан ўққа тутилганини маълум қилди. Арманистон ҳам ўз навбатида бунинг аксини айтиб чиқди.
Озарбайжон томони тўқнашувда 4 нафар ҳарбий ҳалок бўлганини билдирди. Арманистон эса 2 полиция ходими ва уч аскар ўлганини айтди. Расмий Ереван Баку ҳар 15-20 дақиқада Арманистон ҳудудига ҳжум қилиб турганини иддао қилди.
Қайд этиш керакки, Арманистон ва Озарбайжоннинг ҳудудий муаммоси сўнгги 30 йилдан бери давом этяпти. Бунинг сабаби Арманистоннинг Озарбайжонга тегишли бўлган Тоғли Қорабоғни эгаллаб олишидир. Халқаро ҳамжамиятнинг эътирозларига қарамай Арманистон Тоғли Қорабоғни Озарбайжонга қайтармай келади.
Вазият шу даражадаки, агарда икки томон ҳам тинчланмаса давлатлар ўртасида уруш бошланиши ҳам мумкин.
LiveБарчаси