Вазият бундан ҳам мураккаб бўлиши мумкин – Мирзиёев
Жамият
−
03 Апрель 2020
18579Аввал хабар берганимиздек, бугун, 3 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда давлат раҳбари одамларни яна бир бор огоҳликка чақирди.
“Оммавий ахборот воситалари ва рўзномаларда дунёда нималар бўляпти ва Ўзбекистонда нима бўляпти – ҳаммангиз кўриб турибсиз. Шунга қарамасдан мен яна бир марта халқимизга мурожаат қилмоқчиманки, вазиятни қўлдан бой берсак, жиловламасак, қаттиққўл бўлмасак, вазият кескинлашиб бораверади. Бугунги кунда бутун дунё, инсоният мураккаб даврни бошдан кечирмоқда. Ҳаммамиз бунга гувоҳ бўлиб турибмиз”, дейди давлат раҳбари.
Сўнгги маълумотларга кўра, дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар 1 056 777 нафарни ташкил этмоқда. Бугунгача ушбу касалликдан 55 781 киши вафот этди. 221 595 киши соғайди. Айни вақтда АҚШ, Испания, Италия, Германия, Франция, Буюк Британия, Швейцария каби ривожланган мамлакатлар коронавирус ўчоғи бўлиб қолмоқда. Улар қаторига эса минтақа мамлакатларидан Туркия қўшилиб бормоқда. Давлат раҳбари хорижий мамлакатларда рўй бераётган воқеаларга асосланиб, Ўзбекистонда бу касалликнинг жиловини тутиш нечоғлик зарур эканига тўхталди.
“Мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чора-тадбирлар кўриляпти. Махсус комиссиямиз 24 соат иш тизимига ўтганига ҳаммангиз гувоҳ бўляпсиз. Мана шундай оғир пайтда ҳаммамиз ўзимизнинг дунёқарашимизни ўзгартириб, авваламбор ўзимиз намуна бўлишимиз керак. Вазият бундан ҳам мураккаб бўлиши мумкин. Мана шунга тайёргарлик қилишимиз керак. Ҳаммамиз! Дунёни кўряпсиз нималар бўляпти. Салгина жиловни қўйиб юборган жойда қандай оқибатлар бўляпти. Мисли кўринмаган оқибатларга олиб келиши мумкин. Мени кўчамда, мени маҳалламда, мени туманимда, бизни вилоятимизда йўқ деган одам хато қилади. Мен буни учинчи марта қайтаряпман”, дейди Президент.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирусга чалинганлар 221 нафарга етди. Уларнинг 25 нафари даволанди, 2 нафари вафот этди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси